17:15 / 28.09.2018
9059

Жиззах цемент заводида ҳавога чангнинг кўп чиқиб кетиши билан боғлиқ муаммо бартараф этилгани маълум қилинди

Фото: Халқ сўзи

Жиззах цемент заводида чанг ва газни ушлаб қолувчи фильтр қоплари 2017 йилда тўлиқ янгисига алмаштирилганига қарамай, жорий йилда чангни ушлаб қолувчи ускунада муаммо юзага келди. Бу ҳақда «Олмалиқ» кон-металлургия комбинати сайтида жойлаштирилган хабарда айтилади.

Қайд этилишича, айрим кунлари белгиланган меъёрларга нисбатан ҳавога чангнинг кўпроқ чиқиб кетиши кузатилган. Мутахассислар томонидан технологик жараёндаги бу муаммони бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланиб, жорий йилнинг август ойидан бошлаб «Ўзқурилиш» АЖ ва Туркиянинг Dal Teknik Мakina компаниялари мутахассислари жалб қилиниб, муаммога ечим изланган.

Билдирилишича, бир кунда 3 минг 300 тоннадан ошиқ цемент ишлаб чиқараётган Жиззах цемент заводи Жиззах вилоятининг маҳаллий бюджетига ҳар ойда 14 млрд сўмга яқин маблағ тушириб келмоқда, ўтган етти ой давомида 94 млрд 552 миллион сўм маблағ вилоятнинг маҳаллий бюджетига туширилган.

Қайд этилишича, аксари ҳолларда заводга яқин қишлоқларга шамол йўналишига қараб оҳак чанги етиб борганини мутахассисларнинг ўзлари ҳам таъкидлашган. 

Бугунги кунда заводда юзага келган вазият юзасидан хизмат суриштируви давом этмоқда. Хизмат суриштируви якунида айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади, дейилади хабарда.

Top