22:31 / 04.10.2018
5034

Қозоғистонлик давлат хизматчилари иш жойларига смартфон олиб кириш учун ҳақ тўлайдилар 

Қозоғистонда хизмат маълумотларининг сизиб чиқиши ҳолатлари кўпайгани сабабли  давлат хизматчиларига ишхоналарига смартфон олиб кириш 2016 йил баҳорида тақиқланганди. 2 йилдан кўпроқ вақт давомида вазирликлар ва идоралар ходимлари интернетга чиқиши ва камераси бўлмаган “тугмачали” телефонлардан фойдаланишган. 

Энди кичик ўлчамли техник қурилма эвазига вазирликлар ходимлари ишларига смартфон олиб келишлари мумкин. Давлат хизматчилари мессенжерлардан фойдаланишлари ва интернетга киришлари мумкин бўлади. Бироқ хизмат маълумоти сир сақланиши мақсадида биноларга кириш вақтида барча смартфонларнинг камералари блокланади.

“Суратга ёки видеога олишга бирорта имконият бўлмайди. Агар сиз WhatsApp, Telegram’дан кираётган бўлсангиз ҳам, камера бинодан чиқмагунингизча ёқилмайди”, деб тушунтирган Қозоғистон ахборотлаштириш ва коммуникациялар вазирлигининг рақамлаштириш департаменти вакили Бекбўлат Молдабеков. Шунингдек, смартфон экранидан ёзиб олиш ва фото тугмаси йўқолади.

“Бу дастур Қозоғистонда ишлаб чиқилган ва энг асосийси бу маҳаллий компания ва маҳаллий дастур. Бу лойиҳа 2 ҳафтадан бери ахборот ва коммуникациялар вазирлигида ишламоқда”, деб айтган “Зерде” миллий холдинги вакили Улан Бекиш.

Дастурни ёт одам юклай олмайди. Давлат хизматчиси махсус тизимда қайд қилинади. Айтиш жоизки, телефонни блокдан чиқариш, яъни сурат ва видеога олиш имкониятини бошқа қурилмада қайтаришга тўғри келади.

Давлат хизматчилари иш жойларига смартфон билан бирга кириш учун ҳар ой ҳақ тўлашлари керак бўлади. Ҳозирда ушбу қулайлик нархи ўрнатилмоқда, бироқ бу қиймат 500 тенге бўлиши кутилмоқда. Агар лойиҳа синови муваффақиятли ўтса, унда смартфонлардан ўз иш жойларида нафақат давлат хизматчилари, балки вазирлик ва идораларга келувчилар ҳам фойдалана олишади.  

Top