01:41 / 18.10.2018
22266

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ривожига тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этиш бўйича Президент қарори қабул қилинди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг тўлақонли ривожига тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этиш, экспорт фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини такомиллаштириш, шунингдек, маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришнинг комплекс тизимини ташкил этиш мақсадида қабул қилинмоқда:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг қуйидаги тартибни белгилаш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинмоқда:

  • юридик шахслар — мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар;
  • юридик шахслар — мева-сабзавот маҳсулотлари экспортидан тушумларни ўз вақтида таъминламаган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш талаблари уларга қўлланган ҳолда ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар реестрига киритиладилар;
  • тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Бунда якка тартибдаги тадбиркорларнинг мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт тушумларига ягона солиқ тўлови тўланишини назарда тутувчи солиққа тортиш тартиби қўлланилади;
  • экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек, товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчи жавобгардир;

тадбиркорлик субъектлари ўзларига ажратилган ер участкаларида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича инфратузилма объектлари қуриш учун енгил конструкцияларни қуриш юзасидан қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишлари мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, давлат органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига экспорт қилувчининг ҳудудий мансублигига қараб тўсқинлик қилганлиги учун шахсан жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар етакчи хорижий компаниялар билан музокаралар олиб борсин ва якунлари бўйича республика бўйлаб ҳамда чет элда маҳаллий мева-сабзавотларни реализация қилиш замонавий транспорт-логистика мажмуалари – “хаб”ларни ўз ичига олган савдо майдончаларини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартларида яратиш бўйича дастлабки лойиҳасини ишга тушириш борасида аниқ таклифлар киритади.

“Ўзстандарт” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда “Global GAP”, “Halal” ва “Organic” стандартлари талабларига мувофиқликка сертификатлаштириш бўйича халқаро тан олинган ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатади, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 мартга қадар мамлакатда “Global GAP”, “Halal” ва “Organic” стандартлари талабларига мувофиқ мева-сабзавот етиштирувчи маҳаллий корхоналарни сертификатлаш бўйича мутахассисларни тайёрлашни ташкил этади.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга чиқариш бўйича замонавий логистика менежменти механизмларини жорий этиш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 1 мартга қадар ўтказилган ўрганишлар якуни бўйича экспорт қилувчилар учун мавжуд ноқулай шароитларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилишини ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қарор талаблари ижросини тизимли назорат қилиб боради ва айбдор шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чораларини қўллайди.

Top