16:18 / 15.11.2018
14685

30 ёшдан ошганларни қандай қилиб ўқишга қизиқтириш мумкин?

Фото: Richard Baker / Pictures Ltd. /Corbis via Getty Images

«Бир умрлик талаба» — кулгили анахронизм эмас, аксинча, келажак одами. Кечагина бир умрлик туюлган касб кўз олдимизда йўқолиб бормоқда, кечаги профессионаллар эса яна ўқишига тўғри келади. 

Шу ерда муаммо юзага келади, аниқроғи беш муаммо: 

1. Аксарият катта ёшлилар мактаб ўқувчилари ва талабалардан фарқли ўлароқ, «кўп нарсани билишади»: уларнинг мияси маълумотларга тўла, шу боис катта ёшлилар янги билимлар ҳақида орзу қилишмайди. 

2. Ёш катта бўлган сари «ўқиш учун кеч» ҳисобланади. Boston Consulting Group баҳоларига кўра, Европа мамлакатларида иш берувчилар ўз ходимларининг билимларини ошириш учун бошқа давлатларга нисбатан кўп баравар пул сарфлашар экан. 

3. Мактабдаги мотивация тизими ҳисобланган баҳолар, имтиҳонлар, ота-она мақтови катта ёшлиларга «ўтмайди». 

4. Мактаб ва олий таълим муассасасидаги ўқиш жараёни тугаганига кўп йиллар бўлган. Катта ёшли одам ўқиш кўникмасини йўқотади. 

5. Катта ёшлиларнинг аксарияти базўр ўқийди. Улар курслар ёки тренингларда одатда иш берувчининг топшириғига кўра қатнашишади. 

Европа мамлакатларида аллақачон бу масала ҳал этилган: у ерда анча йиллардан буён катта ёшлиларни ўқишга жалб қилишга доир кўп босқичли тизим мавжуд. 25 ёшдан 60 ёшгача бўлган кишилар қисқа муддатли курслар, қизиқишларига оид тўгараклар, маҳорат дарсларига қатнашади, баъзилари эса ҳатто янги мутахассисликларни ўзлаштиришади. Катта ёшли ўқувчилар одатда «болалар касалликлари»дан азият чекишади: мотивация йўқ, тартиб йўқ, ўқитувчига қулоқ солишмайди. Бироқ уларнинг ўзига яраша катта муаммолари бор. Улар қандай ҳал қилинади? Forbes Европа таълим марказлари тажрибасидан олинган бир неча маслаҳати билан бўлишди. 

Амалий билимларга урғу беринг

Ўқув материали ўқувчиларнинг ёши ва қизиқишларига тўғри келиши керак. Демак, катта ёшли кишилар билан асосий эътиборни амалий билимларга қаратиш лозим. Ўқитувчи бераётган барча билимларни улар синфдан ташқарига чиқишлари билан реал ҳаётда қўллай олиши керак. Масалан, Германиянинг Дортмунд шаҳридаги 50 ёшдан катталар ўқийдиган университетда кекса талабалар беш маъруза ва семинар семестридан кейин амалиёт ўташади ҳамда танлаган мутахассисликлари бўйича у ёки бу ишни бажаришади (Дортмундда олти йўналишдан бири бўйича таълим олиш мумкин – ижтимоий геронтология, социология, тарбиявий ишлар, психология, фалсафа ва теология). Амалиёт ўташ жойлари сифатида қариялар пансионатлари, болалар боғчалари, мактаблар каби жойлар таклиф қилинади ёки қўшнилар орасида жамоатчилик ишлари ташкил қилинади. 

Болалар каби бўлинг

Баъзи мамлакатларда катта ёшли кишиларни болалар билан бир партага ўтқизишади. Бу ҳам инсонни ўз билим доираси устида ўйлашга мажбур қилувчи ажойиб рағбатдир. Ирландиядаги давлат таълим лойиҳаларидан бирининг асосий мақсади — ота-оналарни мактаб таълими жараёнига жалб қилиш. Уларга болалар билан уй вазифаларини қандай бажариш кераклиги, мактаб маъмурияти ва ўқитувчилар билан мулоқот қилиш йўллари ўргатилади. Катта ёшли кишилар таълим жараёнига қўшилиб, ўзларининг ўқув кўникмаларини яхшилашади. Болалар эса бу дастурда ота-оналарини таълимни давом эттиришга ундовчи “қармоқ” вазифасини ўташади. 

Ўқувчиларни «оғдира билиш» керак

Кўп Европа мамлакатларида катта ёшли аҳоли ўртасида фаол тарғибот ишлари олиб борилади. Агар бир йўналишда профессионал маҳорат чўққисини эгаллаган киши янги мутахассисликни ўзлаштириш зарур ёки йўқлиги борасида иккиланса, «агитаторлар» — одатда таълим соҳасидаги маслаҳатчилар — унга мотивация бериб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашади. «Агитаторлар» компаниялар, ҳамжамиятларга келиб, одамлар билан шахсан танишишади. Ҳатто телефон ёки электрон ёзишмалар орқали ҳам бундай қўллаб-қувватлашга эга бўлиш мумкин. Маслаҳатчиларнинг шиори — «Ўқишнинг эрта кечи бўлмайди» («It is always a good time to learn»). Словения катта ёшлилар таълим масалалари бўйича институти бутун мамлакат бўйлаб тажрибали маслаҳатчилар ишлайдиган консультацион марказлар тармоғини очди. Бу тармоқ имкон қадар кўпроқ катталар учун курсларга ихтисослашган маҳаллий таълим марказлари, мураббий ва репетиторларни бирлаштиришни мақсад қилган. Улар бари аллақачон ишлайдиган кишиларга «ўқишни ўрганиш»га ёрдам беришади, катта ёшли ўқувчилар истаган вақтда ўз билимлари сифатини баҳолай олиши ва малакасини аввалгидек тасдиқлай олишига туртки беришади. 

Швецияда бундай мажбурият ижтимоий соҳа ходимлари зиммасига юклатилган. Улар ўз таълимини давом эттиришни истамаган ёки бунга тайёр бўлмаган одамларга мотивация бериш мақсадида улар билан суҳбатлашишади. Таълим тизими бир неча тур (расмий, норасмий ва эркин бепул)га тақсимланувчи Финляндияда ҳам бу борада жиддий ишлар амалга оширилади. Финнлар истаган ёшида турли курсларда ўқиши мумкин — хорижий тиллар, ахборот технологиялари, санъат ва ҳунармандчиликдан тортиб то спорт билан шуғулланишгача. 

Ўқиш соғлиқ учун фойда

Ўқиш нафақат профессионал талаблар нуқтаи назаридан, балки инсон соғлиғи учун ҳам фойдалидир, у яхши жисмоний ҳолатни сақлаб қолишга ёрдам беради. Европа комиссиясининг 2015 йилги ҳисобот маърузасида шу ҳақида сўз юритилган, унда Европада катта ёшлиларни ўқитиш сиёсати ва унинг самарадорлиги таҳлил қилинган. Профессионал таълимни давом эттираётган ўрта ёшдаги одамлар улар учун муҳим бўлган тиббий таълимни катта масъулият билан қабул қилишади.

Хулоса. Бугуннинг ўзидаёқ анъанавий таълим модели ўтмишда қолаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бугун у ёки бу соҳада эксперт бўлиш учун беш йиллаб назарияни ўрганишга ҳожат йўқ: ҳар қандай билим ҳам эскиради, зеро технологиялар, маҳсулотлар ва ҳатто соҳаларнинг ҳаёт цикли қисқаради. Шундай экан, ҳар бир инсон, ёши нечада бўлишидан қатъи назар, ўзини ўқишга мажбур қилиши керак. Асосийси, билимлар эмас, жараённинг ўзи муҳим аҳамиятга эга. Бугунга келиб, ҳатто иш берувчилар ҳам ходимларни муайян компетенциясига эмас, ноаниқ вазиятларда тўғри йўлни кўра билиши, тез мослашув хусусияти ва ўзини «қўлга ола билиши» учун ёллашга ҳаракат қилишади. 

Top