23:17 / 19.11.2018
54380

Хотин-қизлар қўмитаси: Ишонч телефон рақамига мурожаат қилган аёллар сони 7 мингга яқинлашди

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси

Бугунги кунга қадар оғир ҳаётий вазиятда қолган аёллар учун мўлжалланган «1146» ишонч телефон рақамига мурожаат қилган аёллар сони 7 мингга яқинлашди, кун давомида энг кўп 50-60 га яқин қўнғироқ амалга оширилди. Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева 19 ноябрь куни пойтахтда бўлиб ўтган БМТнинг «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги Конвенцияси (CEDAW) асосида Қўмита тавсияларини бажаришга бағишланган давра суҳбати давомида шу ҳақида маълум қилди. 

Танзила Норбоева ишонч рақами юзасидан нотўғри тасаввур ҳосил қилган баъзи кишилар учун изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, ишонч телефони ишга туширилишидан мақсад – тушкунликка тушган аёлларнинг кўнглини кўтариш, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва психологик қўллаб-қувватлаш. Эркакларни жазога тортиш эмас, зарурат туғилган тақдирда, улар билан суҳбатлашиш ва аёлга ҳам, эркакка ҳам тўғри йўл кўрсатиш.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, хусусан БМТнинг ўнта келишув ҳужжатига қўшилган ҳамда зиммасига олган барча мажбуриятларни тўлақонли бажариб келмоқда. Халқаро меъёрлар ва ҳуқуқий стандартларга асосан «Аёллар ҳуқуқини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги Конвенция (CEDAW)га қўшилган.

Давра суҳбати доирасида Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича тавсияларнинг бажарилиши юзасидан экспертларнинг хулосалари ҳамда Миллий ҳаракатлар режасининг бажарилиши юзасидан асосий натижалар тингланди, режанинг амалга ошишида юзага келган камчиликларнинг сабаблари таҳлил қилинди ҳамда уларнинг бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Top