11:10 / 20.11.2018
16289

Қурғоқчиликка барҳам бериш мумкин - бунинг учун қандай чоралар кўриш керак?

Фото: Pixabay

Сир эмас, бугун инсоният келажаги хавф остида қолган: олимлар дунё ҳамжамиятини Ер курраси ҳаво ҳароратининг йилдан йилга ошиб бориши йиллар ўтиб, улкан талофатларга олиб келишидан огоҳлантиришмоқда. Аммо афсуски, олимларнинг бу огоҳлантиришларига етарлича эътибор қаратилаётгани йўқ. Шу тариқа, катта илмга эга инсонларнинг айтмоқчи бўлган арз-додлари қоғозларда, қайд этилган минбарларда қолиб кетмоқда. Вақт эса ўтиб бормоқда. Оқибатда вазият янада кескинлашиб, йилдан йилга Ер юзидаги ёғингарчиликлар миқдори камайиб, қурғоқчилик авж олмоқда. Ажабланарлиси, сув танқислиги иқтисодиётнинг барча соҳаларига салбий таъсир ўтказиб, сайёрамизнинг деярли барча ҳудудларини қамраб оляпти. Қурғоқчилик шу йўсинда такрорланаверса, яқин 30-40 йил ичида Марказий Осиё минтақасида сув танқислиги шу даражага бориб етадики, сув энг қимматбаҳо товарга айланиши гумондан холи эмас (НАСА тадқиқотлари ҳам мудҳиш келажак оқибатларини тасдиқлайди).

Қурғоқчилик қандай вужудга келади?

Мавжуд ҳолат Марказий Осиё республикаларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ўз аксини топаётганига гувоҳмиз. Зеро, ҳудудда яшовчи аҳоли сони ошиб боргани ҳамда саноатнинг ривожлангани боис истеъмол қилинадиган ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларига сарфланадиган сув миқдори кўпайиб, Орол денгизининг қуриши каби муаммоларнинг вужудга келганига анча йил бўлган. Нима бўлганда ҳам, қурғоқчиликнинг асл келиб чиқиш сабабларини билмасдан туриб, бунга нисбатан бирор чора кўриш ўз самарасини бериши қийин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қурғоқчиликнинг вужудга келиши, яъни ёмғирлар ҳаддан ташқари кам ёғишининг асосий сабабларидан бир ернинг устки қатлами ҳароратининг ошиши ҳамда ҳаво таркибида карбонат ангидрид ва бошқа газларнинг нисбий жиҳатдан кўпайганидадир. Фанда маълумки, карбонат ангидрид гази ҳаводан 1,5 баробар оғирдир. Бу оғирлик ҳавонинг ҳажмий зичлигини маълум даражада оширади. Зичланган ҳаво сийрак ҳавога нисбатан қуёш нурлари остида тезроқ қизийди ва атмосферанинг энтропик ҳолати ўзгариши туфайли ҳаводаги босим ҳам ўзгариб, унинг кенгайишига олиб келади. Оқибатда осмондаги булутлар маълум даражада баландроққа кўтарилади. Бу ҳолатда осмонда булут бўлса-да, ёғингарчилик бўлмайди. Ёғингарчилик бўлиши учун ҳаво таркибидаги эфир ёғлари, шунингдек, газларни оксидловчи озон гази (О3) ҳамда карбонат ангидрид гази (СО2) ни ютадиган восита бўлиши керак. Бу восита қуёш нурини ўзида ютувчи дарахтзорлар ва сув ҳавзаларидир.

Дарахтлар - қутқарувчи

Мактаб давридан дарахтлар карбонат ангидрид газини ютиб, ўзидан кислород чиқаришини биламиз. Аммо, надоматлар бўлсинки, ҳозирги кунда бутун дунёда яшил ҳудудлар сони кўпайиш ўрнига қисқариб бормоқда. Ўтган асрнинг 60-йилларидаги аҳоли жон бошига тўғри келадиган дарахтлар ҳозирги кун билан таққослаб кўрилганида, аҳолининг ўсишига нисбатан бир неча баробар камайиб кетган. Шу тариқа, кўп жойларда ҳаво ҳароратининг пасайишини таъминловчи унсурлар йўқолиб, ушбу газнинг кўпайишига сабаб бўлувчи муҳит вужудга келди.

Сир эмас, карбонат ангидрид, биринчи навбатда, моддаларнинг ёниши натижасида ажралиб чиқади. Масалан, метан гази ёниши оқибатида СО2 ва сув ҳосил бўлади. Бундан ташқари, барча жонзотлар, жумладан, одам ҳам нафас олганида кислород ютиб, карбонат ангидрид чиқаради. Бу ҳолатда ёнилғи сарфи, шунингдек, аҳоли сонининг кўпайиб бориши эса кейинги вақтда Ер куррасида атмосфера мувозанатининг бузилиши, ҳаво ҳароратининг кескин ошиши ҳамда қурғоқчиликнинг вужудга келишини келтириб чиқармоқда.

Қурғоқчиликка сабаб бўлувчи яна бир омил бу шамолдир. Зеро, шамол тупроқ таркибидаги намликни насосга ўхшаб сўриб оладиган табиий унсурдир. Эътиборли томони шундаки, ёғингарчилик етарлича ёғиб турганида (!) ҳам шамол кечаю-кундуз эсиб турса, ҳавонинг намлиги юқори бўлган жойларда шамол ернинг ҳар бир гектаридан ўртача 60-150 тонна сув, яъни намликни учириб кетар экан. Бизнинг минтақа, яъни ҳаво намлиги паст бўлган жойларда бу кўрсаткич 150-300 тоннани ташкил қилади.

Энди ёғингарчилик бўлмаган пайтдаги ҳолатни тасаввур қилинг... Агар ўша жойда дарахтлар бўлса, вазият бир мунча юмшаши мумкин. Бинобарин, яшил ўсимликлар ернинг устки қатламидаги намликнинг бир қисмини сақлаб қолади. Ўз навбатида, ўрмонлар ва сув ҳавзалари бор жойда ёғин-сочинли кунлар тез-тез қайд этилиб, ҳаво ҳарорати ҳам нисбатан паст бўлади.

Қурғоқчиликка қандай барҳам берса бўлади?

Келинг, энди қурғоқчиликка барҳам бериш усулларига тўхталиб ўтамиз. Бунинг энг яхши усули ёғингарчиликдан ҳосил бўлган сувни беҳудага оқизмасдан жойларда кичик сув ҳавзаларини барпо қилиш, мазкур сув ҳавзалари атрофига ҳар хил дарахтларни, иложи борича нинабаргли дарахтларни экиш зарур. Чунки нинабаргли дарахтлар нафақат кислород, балки азон газини ишлаб чиқариш хусусиятига ҳам эга. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йиллик ёғингарчилик миқдори ўртача 200-300 мм (20-30 сантиметр)ни ташкил этади. Ҳисоб-китоб қилиш учун ушбу кўрсаткични 20 см қилиб олайлик. Бу ҳолатда 1 гектар майдондаги ёмғир (қор) суви 100х100х0,2=2000 куб метр ташкил этади. 2000 куб метр сув 60 тонна сиғимга эга 33та вагон дегани. Ана шу сув томчилаб суғориш учун сарфланса, қанча майдонни суғориш мумкин? Ушбу саволга жавоб топиш учун қуйидаги ҳисоб-китобларни амалга оширамиз: –  1 гектар ерга 2000 литр/соат сарфланади; –  суғориш жараёни 5 соат давом этса, жами 10 000 литр (10 куб метр) сув сарфланади; –  суғориш ҳар 6 кунда амалга оширилса бир ойда 60 куб метр сув сарфланади; –  6 ойда сарфланадиган сув 360 куб метрни ташкил этади. Бу эса 60 тонналик 6 вагон сув дегани.

Хулоса қиладиган бўлсак, йўқотишларни ҳисобга олганда 1 гектар майдонда йиғилган сув бир йилда 5 гектарни суғориши мумкин экан. Намликни сақловчи мулчаланган (сомон, хазон, қор ёрдамида «ёпиб қўйилган») ерларни 15 кунда бир марта суғорса ҳам бўлади. Бу ҳолатда суғориладиган ҳудуд майдони икки баробарга ортади.

«Пермакультура» усули

Шу ўринда қурғоқчиликка қарши курашишнинг мамлакатимизда ҳали оммалашмаган пермакультура деб аталувчи усулига тўхталиб ўтмоқчиман. «Пермакультура» инглизча «permanent agriculture» сўз бирикмасидан олинган бўлиб, ўзбекчага таржима қилинганда «давомий (доимий) қишлоқ хўжалиги» маъносини англатади. Бошқача айтганда, пермакультура бу маълум бир жойда ёввойи табиат шароитини яратиш деганидир. Айнан ана шу услуб ёрдамида Австралия, Бразилия ҳамда африкалик мутахассислар йиллик ёғингарчилик миқдори бор-йўғи 10 см бўлган жойларни обод қилиб, боғ-у бўстон масканларга айлантиришмоқда.

Пермакультура услубини қўллаш шартлари қуйидагича: ёввойи табиат жорий қилинган жойларда ирмоқ сувларини йиғадиган, шу тариқа намликни сақлайдиган кичик ҳовузчалар барпо этилади. Энг муҳими пермакультура шароитида ер шудгор қилинмайди, тупроққа кимёвий ўғитлар ёрдамида ишлов берилмайди. Дарахтлардан тушган барглар ва шох-шаббалар шу ернинг ўзида мулчалаштирилиб, чириндига айлантирилади. Натижада, ана шу жойда ернинг устки қатламини шамолдан асрайдиган, намликни ўзида сақловчи гумусли ҳосилдор тупроқ қатлами ҳосил бўлади, ён-атрофдаги қудуқлар суви кўтарилиб, қурғоқчиликка барҳам берилади. Ҳаво ҳарорати бир мунча пасайиб, атроф-муҳит тозаланади, ёғин-сочинли кунлар кўпаяди.

Тан олиш жоиз: мамлакатимизда айнан қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг катта қисми шўрланиш даражаси юқори бўлиб бормоқда. Табиийки, бундай тупроқда мева-сабзавот уёқда турсин, оддий ўт-ўланлар ҳам ўсмай қўяди. Шу боис, деҳқону фермерлар ер шўрини ювишга мажбур бўлиб келмоқда. Минтақаларда ана шу жараёнларнинг йиллар давомида амалга оширилиши натижасида ер қаъри сувга тўлиб кетди. Мутахассислар шўрхок ерларда ҳосилдорликни ошириш учун ер қаъридаги сувларни юқорига чиқариб, ўша ҳудудда ботқоқликларни ташкил қилиб, сувнинг шўрлик даражасини пасайтиришни таклиф қилишмоқда. Натижада бу сувларни қайта суғориш ишларида фойдаланиш мумкин.

Маълумки, тузлар парчаловчи, емирувчи ва бириктирувчи хусусиятларга эга. Шу боис, ботқоқликлардаги сув биокимёвий жараёнлар натижасида чучуклашади. Айнан ана шу усулда шўрхок ерларда ёввойи табиатни жорий этган ҳолда юқори самарага эришса бўлади.

Хулоса...

Очиғини айтганда, юқорида айтилган фикр-мулоҳазаларни ҳаётга татбиқ этиш, қолаверса, аҳолини улар ободонлаштирган ерлар олиб қўйилмаслигига ишонтириш осон иш эмас. Шу сабабли мазкур лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун аҳолига улар қурби етадиган миқдордаги ер майдони ижара шартномаси асосида қонуний равишда берилса (кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб қўйилса), майдонга экилган дарахтлар эса дахлсиз хусусий мулк сифатида қонунан кафолатланса, айрим мансабини суиистеъмол қилувчи мансабдор шахслар томонидан оғзаки кўрсатмалар билан мулкларни ноқонуний йўллар билан олиб қўйиш тўхтатилса, ишонса бўладики, маҳаллий аҳоли ташаббусни ўз қўлларига олади ва амалга оширади. Алал-оқибат фойдаланилмай ётган қир-адирлару чўлга айланаётган дала-даштлар ўрнида ўрмон ҳудудлари пайдо бўлиб, бу ерларда қишлоқ хўжалиги экинлари ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш имкони туғиларди. Асосийси, одамларнинг табиатга бўлган муносабатлари тубдан ўзгарарди.

Яна бир муҳим жиҳат: қурғоқчиликка қарши курашнинг юқорида қайд этилган усуллари ҳақидаги маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали мукаммал тушунтириш, жумладан телевидение орқали аҳолига тақдим этиш зарур. Дарвоқе, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун имкониятлар эшиги очилганида ҳар хил жамғармаларни тузишга бўлган уринишларга йўл қўймаслик керак. Чунки, ХХ асрнинг 80-йилларида Орол денгизини қутқариш учун кўплаб фондлар ташкил этилди. Аммо ана шу жамғармалар томонидан қанчадан-қанча маблағ сарфланган бўлса-да, аслида ўтган даврда бугунга келиб деярли қуриб битган кўлга ҳеч ким бир челак сув қуймади... Шундай экан, қурғоқчиликка барҳам бериш минтақада давлатларнинг ривожланиш стратегияларининг муҳим жиҳатларидан бири бўлиб қолса, юзага келган муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал қилиш режалари ишлаб чиқилса мақсадга мувофиқ бўларди. Келажак муаммосини ҳал этишга қаратилган юқорида қайд этилган таклиф ва мулоҳазалар ва Ўзбекистон ҳукумати ва халқини бефарқ қолдирмайди, деб ўйлайман.

Абдумурод Худойбердиев

Top