19:10 / 28.11.2018
14403

Янги уйларда газсиз ўтирган қаршиликлар. Муаммо нега ҳал қилинмаяпти?

Совуқ кунлар бошланиши билан уйни иситиш муаммоси киши хаёлини банд этиб қўяди. Табиий газ ўтмаган ҳовлиларда яшовчи аҳоли уйини амал-тақал қилиб иситади. Кўп қаватли уйларда яшовчилар-чи? Улар печка ўрната олмаса, сандал қура олмаса, нима қилади? Электрон иситгичлардан фойдаланади. Оқибатда, кучланиш даражаси юқори бўлиб кетди, дея электр корхонасидагилар токни ўчиришади. Бу бечора газ билан бирга, электрдан-да маҳрум бўлади. Муаммолар занжири бир-бирига ана шундай боғланиб кетаверади.

Kun.uz таҳририятига келиб тушган навбатдаги мурожаат Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида жойлашган «Қарлуқхона» маҳалласи фуқароларидан. Маҳалладаги уйлар деярли янги – беш йилча олдин қуриб, фойдаланишга топширилган. Бироқ Ислом Каримов кўчасида жойлашган 299-а ва 299-б уйларда табиий газ йўқ. Беш йилдирки, одамлар қиш яқинлашиши билан нима қиларини билмай қолишади.

Фуқароларнинг айтишича, улар ипотека кредитига олинган уйлари учун ҳар ой 1,2-1,5 миллион сўм пул тўлашади. Иккита уйда жами 54та хонадон бўлиб, уларнинг аксарияти мана шундай қийинчиликлар сабаб, ўз уйларидан чиқиб кетишяпти. Хонадонларга иссиқлик қувурлари ўрнатилган, энг бошида, бир-икки кун иссиқлик таъминоти қўшилган, яхши ишлаган, аммо кейин ўчириб қўйишган. Шу билан қайтиб ишламаган.

«2016 йилнинг ноябрь ойида Президент виртуал қабулхонасига ушбу масала юзасидан мурожаат қилдик. Қарши шаҳри ҳокимлигидан вакиллар келиб, икки кун ичида барчасини ҳал қиламиз, деб кетишди ва шу билан қайтиб келишмади. Имкони бор қўшнилар ўзаро пул йиғиб, бошқа ердан газ қувурлари тортиб келяпмиз. Ҳолбуки уйларнинг шундоқ биқинида қозонхоналар жойлашган», — дейди биз билан суҳбатда аҳоли вакилларидан бири.

Қашқадарё вилояти иссиқлик манбаи корхонаси раҳбари вазиятга қуйидагича изоҳ берди.

«Қурувчи мавжуд меъёрий ҳужжатларни тақдим этса, шаҳар ҳокимлиги томонидан мазкур уйлар иссиқлик манбаи корхонаси балансига ўтсин деган қарор чиқади. Ана шундан сўнг, биз бу уйларни иссиқлик таъминоти билан таъминлаймиз. Аммо ҳозир қурувчидан дарак йўқ. Бу муаммолардан хабар топганимдан бери ҳар сафар шу уйларга келаман, нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлайман, аммо ҳужжатлар жойида бўлмаса, расмиятчилик амалга оширилмаса, бу муаммони ижобий томонга ҳал этиб бўлмайди», дейди у.

Мазкур масала юзасидан ушбу уйлар қурувчиси Жамшид исмли киши билан боғланишга ҳаракат қилдик, аммо бунинг имкони бўлмади.

Келинг, турли қочирим сўзлардан, кимнидир айбловчи танқидлардан ёки олди-қочди гаплардан кўра, ҳаётий манзараларга қайтамиз. Бирор киши уй қилиб, ватанли бўламан деса, унга бор меҳрини беради. Бор кучи ва пулини сарфлайди. Мустаҳкам бўлсин дейди. Ўзи ғиштини қўйиб, ўзи томини ёпади. Ҳашар қилиб, ёру биродарларини ёрдамга чақиради.

Бугун замона зайли билан қурувчи ташкилотлар томонидан уйлар қурилиб, одамларга топширилмоқда. Албатта текинга эмас.

Уй қуриш дардидан қутулиб, ўз ишига, ўз соҳасига, ўқишига фикрини банд этган, қурувчига ишониб, яхши ниятлар қилган кишилар бугун шундай аҳволга тушиб қолишган.

Юқорида кўтариб чиқилган масала қийин эмас. Беш йилдан буён совуқ уйда яшаётган, орзу-ниятлари чиппакка чиқаётган, не қиларини билмаётган одамлар муаммосига эътибор қаратилади ва муаммо ижобий ечим топади, деган умиддамиз.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top