18:00 / 05.12.2018
14245

Ўзбекистоннинг НАТО билан алоқалар ўрнатиш ваколати Туркия элчихонасига топширилди

Фото: ЎзА

Ўзбекистоннинг НАТО билан алоқалар ўрнатиш ваколати Латвия элчихонасидан Туркия элчихонасига ўтказилди. 2019-2020 йилларда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси НАТО ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш ваколатини бажаради, деб хабар бермоқда ЎзА.

Хабарга кўра, бугун Тошкентда Латвия элчихонасининг Ўзбекистон билан НАТО ўртасида алоқалар ўрнатиш ваколатини Туркия элчихонасига топшириш маросими бўлиб ўтди.

Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шеннинг айтишича, Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси ўтган йили Брюсселдаги НАТО марказига НАТО ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш ваколатини бажариш вазифасини олиш учун сўровнома юборган ва ижобий жавоб олган. 

“Биз учун Ўзбекистон алоҳида аҳамиятга эга бўлган қардош мамлакатдир. Шунингдек, Ўзбекистон НАТО учун ҳам муҳим мамлакатлардан ҳисобланади. Чунки, НАТО Афғонистонга Ўзбекистон орқали инсонпарварлик ёрдамларини жўнатишни кўзлаган. Биз бу соҳаларда Ўзбекистон ва НАТО ўртасида маълумотлар алмашинишда ҳам кўприк вазифасини бажарамиз”, дейди Аҳмет Башар Шен.

Top