21:20 / 06.12.2018
16185

Каттақўрғон тумани мактабгача таълим тизимидаги «ўйинлар»га барҳам берилди. Бўлимга янги раҳбар тайинланди

Kun.uz сайтида 2018 йил 20 октябрь куни Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани мактабгача таълим тизимидаги муаммолар, камчиликлар ва содир бўлаётган ноқонуний ҳолатлар ҳақида мақола эълон қилинган эди.

Мазкур ҳолатлар тегишли ташкилотлар томонидан, хусусан, Самарқанд вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бўйича ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат бўлими томонидан ўрганиб чиқилган.

Kun.uz манбаси маълумотига кўра, ўрганиш натижаларига кўра, туман мактабгача таълим бўлими раҳбари Ф.Ҳамдамова лавозимидан озод этилган. Аниқланган ноқонуний ҳолатлар юзасидан хулосалар туман прокуратурасига тақдим этилган.

2018 йил 5 декабрь куни Каттақўрғон туман мактабгача таълим бўлимининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Нигора Садинова, туман ҳокими Аъзамхон Баҳромов иштирок этди.

Туман ҳокими соҳа ходимлари ва мутасаддиларини олдида турган долзарб масалалар ҳақида гапириб, тумандаги мазкур тизимдаги муаммолар ва камчиликларни жиддий танқид қилди. Мактабгача таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган раҳбарлар-у тарбиячилар, педагоглар асосий эътиборини баркамол авлодни тарбиялашдек масъулиятли вазифага сидқидилдан ёндошишга қаратишлари лозимлигини таъкидлади.

Шундан сўнг йиғилишда ташкилий масала кўрилиб, Тоштурди Алқаров Каттақўрғон туман мактабгача таълим бўлими мудири лавозимига тайинланган.

Т.Алқаров бунга қадар мактабгача таълим тизимида масъул лавозимларда фаолият юритиб келган.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top