17:29 / 18.12.2018
8737

Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони учун янги талаблар тасдиқланди

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Қарор билан божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш бўйича йўриқномалар тасдиқланди.

«Айни пайтда республикамизда 330 дан ортиқ божхона омборлари ва эркин омборлар бор. Аксарияти замонавий, тегишли ускуналар билан жиҳозланган, катта ҳажмли ҳисобланса, қолганлари орасида унчалик катта бўлмаган, боз устига товарлар тўғри сақланишини таъминлай олмаётганлари ҳам бор. Бундан ташқари Ўзбекистонда 6 та бож олинмайдиган савдо дўконлари фаолият юритмоқда», дейилади хабарда.

Эндиликда божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолияти учун лицензияларни расмийлаштириш электрон шаклда «Лицензия» ахборот тизимлари комплекси орқали амалга оширилади. Шунингдек, лицензиялар чекланмаган муддатга берилади.

Лицензия олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар сони ҳам сезиларли равишда қисқартирилди. Масалан, давлат ёнғин хавфсизлиги ва санитария назорати идоралар хулосаси, божхона омборларида сақланиши лозим бўлган товарлар рўйхати, божхона омборининг тури (очиқ ёки ёпиқ) ҳақидаги маълумот ва бошқалар эндиликда талаб қилинмайди.

Қарор билан божхона омборларининг транспорт магистраллари ва логистика марказларигача бўлган максимал масофаси 3 км қилиб белгиланди.

Омборлар фаолиятига автоматлаштирилган ахборот тизимларининг жорий этилиши, омборларнинг божхона идоралари билан ахборот алмашиниш учун видеокузатув тизими ҳамда оптик толали алоқа тармоғи билан таъминланиши технологик жараёнларни масофадан туриб самарали назорат қилиш имконини беради.

Божхона омборларида энди ҳудуди 40 квадрат метрдан кам бўлмаган камида 1 та ёпиқ кўрик майдончаси ҳам бўлиши талаб этилади. Божхона омборида товарларнинг ортилиши, туширилиши ва қайта юкланиши фақатгина кўрик майдончасида амалга оширилади.

Шунингдек, божхона омборлари иншоотларининг божхона режимларидан келиб чиқиб зоналарга ажратилиши, иншоотларнинг иккита қулф билан қулфланиши каби талаблар ҳам бекор қилинди. Божхона омборлари камида 2 метр баландликда тўсиқ билан ўралиши лозим.

Бож олинмайдиган савдо дўкони эса Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини кесиб ўтадиган жисмоний шахслар учун халқаро алоқа учун очилган аэропортларда, портларда ва жисмоний шахслар томонидан чегарани кесиб ўтишга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали бошқа ўтказиш пунктларида очилиши ва фаолият кўрсатиши мумкин.

Эндиликда божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўконларида видеокузатув тизими орқали ёзиб олинган тасвирларни 3 ойгача сақланиши талаб этилади.

Top