19:50 / 19.12.2018
15424

«Ўзбекэнерго» раҳбари: аҳоли жон бошига электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 1991 йилдагидан ҳам кам

Бугун, 19 декабрь куни «Тараққиёт» стратегияси марказида «Ўзбекэнерго» АЖ раҳбарияти ва етакчи мутахассислари иштирокида «2018 йилда истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасидаги фаолият: эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор вазифалар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

«Ўзбекэнерго» АЖ Бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев бошчилигидаги бу анжуман очиқ мулоқот тарзида ўтказилди. Раис бундай анжуманларда кўп кузатилган саволларга жавоб беришда аниқликдан қочиш ва умумий баландпарвоз гаплар услубидан воз кечиб, йиғилганлар билан оддий ва халқона тилда мулоқот қилди.

«Тизимдаги муаммолар етарли, аммо уларни ечиш бўйича анча ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Ҳануз аҳоли жон бошига электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 1991 йилдагидан камроқ. Ҳолбуки, бугунги кунда аҳоли турмуш даражаси ортиб, ҳар бир хонадонда электр таъминотида ишловчи маиший техникалар сони кўпайган.

Қолаверса, ялпи ички маҳсулот йилига 6-7 фоиз ортиши учун электр энергияси ишлаб чиқариш камида 10 фоиз ортиб бориши керак. Ҳозирги кунда «Ўзбекэнерго» АЖ ишлаб чиқариш корхоналари томонидан 12,5 минг мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. 2030 йилга келиб бу кўрсаткични 20-22 минг мегаваттга етказиш дастури қабул қилинган», дея Мустафоевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top