12:30 / 05.01.2019
10156

Божхоначиларга қандай малака тоифалари ва қўшимча тўлов берилиши маълум бўлди

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимларига малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимларига малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, хизмат вазифаларини виждонан бажариб келаётган, юксак касбий тайёргарлик даражасига эришган, маънавий-ахлоқий хислатларга эга бўлган, шунингдек ўз фаолиятида юқори натижаларни кўрсатган ходимларга ҳар ойлик қўшимча тўловни назарда тутувчи “учинчи тоифа мутахассиси”, “иккинчи тоифа мутахассиси”, “биринчи тоифа мутахассиси” ва “уста” малака тоифалари берилади.

Малака тоифалари:

“учинчи тоифа мутахассиси” божхона органларида уч йилдан кам бўлмаган муддат давомида хизмат қилаётган ходимларга;

“иккинчи тоифа мутахассиси” божхона органларида беш йилдан кам бўлмаган муддат давомида хизмат қилаётган ходимларга;

“биринчи тоифа мутахассиси” божхона органларида ўн йилдан кам бўлмаган муддат давомида хизмат қилаётган ходимларга;

“уста” малака тоифаси божхона органларида йигирма йилдан кам бўлмаган муддат давомида хизмат қилаётган ходимларга берилади.

Ходимларнинг божхона органларидаги хизмат йилларига хизмат йиллари учун устама ҳақ белгилашда ҳисобга олинадиган давр киритилади.

Ходимнинг мавжуд малака тоифасининг (“уста” малака тоифасидан ташқари) амал қилиш муддати бир йил бўлиб, йил якуни бўйича синов имтиҳонлари орқали тасдиқланади.

Агарда ходим малака тоифасига эга бўлмаса, малака тоифаларини олиш кетма-кетлиги белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бошқа давлат органлари ходимлари божхона органларида хизматни давом эттириш учун лавозимга тайинланганда, мазкур органлар томонидан берилган малака тоифасига (малака тоифаси бериш тўғрисидаги буйруқдан кўчирма тақдим этилган тақдирда) мос равишда малака тоифасини бериш бўйича божхона органи бошлиғининг буйруғи қабул қилинади. Мазкур ходимларга малака тоифаси учун ҳар ойлик қўшимча тўловлар тўланади ва мавжуд малака тоифаси ўтказиладиган навбатдаги синов имтиҳонларига қадар сақланади.

Ушбу ходимларга навбатдаги малака тоифасини бериш кетма-кетлиги Низом талаблари асосида амалга оширилади.

Малака тоифаси учун ҳар ойлик қўшимча тўлов лавозим маошининг қуйидаги миқдорларида белгиланади:

“учинчи тоифа мутахассиси” – 15 фоиз;

“иккинчи тоифа мутахассиси” – 20 фоиз;

“биринчи тоифа мутахассиси” – 30 фоиз;

“уста” малака тоифаси учун – 40 фоиз.

Малака тоифасига (“уста” малака тоифасидан ташқари) эга бўлган ходимларга ҳар йили малака тоифаси мазкур Низомда белгиланган тартибда берилади.

Top