20:36 / 09.01.2019
7700

Норвегиянинг энг бой одамларидан бирининг рафиқаси учун криптовалюта талаб қилинди

Норвегиянинг Леренскуг коммунасида мамлакатнинг энг бой одамларидан бири – сармоячи Том Хагеннинг рафиқаси ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда VG нашри хабар берди. 

Полиция вакили Томми Брескенинг айтишича, 68 ёшли Анне-Элизабет Фалкевик-Хаген ўз уйидан 31 октябрда ўғирлаб кетилган, бироқ тергов манфаати сабабли шу пайтгача бу ҳақда маълум қилинмаган.

Жиноятчилар аёлни ўлдириш таҳдиди билан уни қўйиб юбориш учун 9 млн евро пул талаб қилишган. Эътиборли жиҳати, улар бу пулларни Monero криптовалютасида тўлашни сўрашган.

Таъкидланишича, аёл ўғирланган жойда норвег тилида полицияга мурожаат қилмаслик ҳақидаги хатча топилган. Уйда бузиб кириш излари топилмаган, атрофда эса кузатув камералари бўлмагани сабаб жиноятчиларни излаш қийин кечмоқда. Полиция гувоҳлар топилишига умид қилмоқда. 

Top