17:09 / 26.01.2019
44697

Қурувчилар кўчасида «сузувчи» уйлар: Шароф Рашидов тумани «Янгиобод» маҳалласидаги янги уйлар остидан сув чиқди

«Кўчиб келганимизга кўп вақт бўлгани йўқ лекин шу уйни таъмирлайвериб чарчадик, ёз кунлари билинмаган экан, мана, қишнинг қоқ ўртасида уйимиз сувга тўлди», — дейди ўз мурожаатида Шароф Рашидов туманидаги «Янгиобод маҳалласи» Қурувчилар кўчасида истиқомат қилувчи хонадон соҳиблари.

«Янгиобод» маҳалласидамиз. Изоҳга ожизмиз, манзара ҳақиқатдан ҳам аянчли.

«Арзоннинг шўрваси татимас»ми?

«...Туни билан челаклаб сув ташидик, уйимизни сув босди. Фавқулодда вазиятлар бошқармасига қўнғироқ қилдик. Келишмади. Маҳалла фуқаролар йиғини, туман ҳокимлиги ҳеч бири «Ҳолинг нима?», деб сўрамайди. Арз қилмаган жойимиз қолмади. Бир ярим йилда уйни олти марта таъмирлатдик. Кечаги тошқин ҳаммасидан ошиб тушди. Уй яшашга мутлақо яроқсиз ҳолга келди. Фарзандларим билан қаерга бораман. Ижарага чиқиб яшайманми? Кимдир бизни ҳам эшитадими? Ҳамма айбни қурувчиларга қўяди, қурувчилар икки марта келиб ўз ҳисобидан уйни таъмирлатиб кетган бўлса ўзимиз тўрт марта таъмирлатдик. Ер остида сув қувурлари борлигини айтишди. Бу нима деган гап тўғри келган жойга уй қуриб кетишаверадими?.. Биз бу уйда қандай яшаймиз? Шу уйга келиб барака топмадим. Кўчиб келганимиздан бери уйни таъмирлатиш билан оворамиз», — дейди куйиниб хонадон соҳибаси Моҳира Йўлчибоева

«Мен ёлғиз онаман, уч фарзандимни ўзим катта қиляпман. Боқувчимиз йўқ, ишонасизми, шу уйни олиш учун қанча елиб югурдим, оғзим ошга етганда аҳволни қаранг — уйлар жуда сифатсиз қурилган. Фойдаланишга топширилганига ҳеч қанча вақт бўлмай, уйларнинг бўёқлари кўчиб, хона деворлари ёрилиб кетди, пол чўкиб қолди. Деворлар зах тортган. Эшиклар очилса ёпилмайди. Шу ниятда уйга кўчиб кирганмидик?! Айни кунда қарзга ботсам-да, ижарада яшаяпман ноябрь ойида кўчиб кетганман. Уй тўловларини вақтида тўлаб боряпман, аммо бу уйда яшашнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Дардимизни турли идораларга айтдик, ёздик. Аммо натижа йўқ. Арзон уй-жойлар деб харид қилганмиз, арзонни шўрваси татимас, дейишгани шумикан?» — дейди Турсуной Мамасолиева.

Т.Мамасолиеванинг айтишича, у уйга яна кўчиб келишга чўчимоқда. Дарҳақиқат, Қурувчилар кўчасининг 4-уйнинг кўча томонида ва ичкарида сезиларли ёриқлар пайдо бўлган. Унга қўшни 5-уйда аҳвол бундан-да баттар. Ушбу уйнинг ҳали ҳам чўкиб кетмаганига қойил қолиш мумкин. Уй эгалари мутасаддиларга айтавериб, ҳафсалалари пир бўлган.

Уйлари ёрилиб, дарз кетган, сув босиб яшашга яроқсиз ҳолга келган янгиободлик уй соҳибалари энди нима қилсин? Ушбу саволга жавоб олиш учун Жиззах тумани «Сувоқова» корхонаси ходимларига мурожаат қиламиз.

«Ҳолат юзасидан шундай дейишим мумкин: бу ерда бир неча йил аввал кимлардир ноқонуний сув қувури тортиб кетган. Бу ерда сув қувури борлиги ҳақида хабаримиз йўқ эди. Қувурларни кесиб ташлаймиз. Муаммо бартараф қилинади. Бу қувурлар неча йил олдин қурилганини ҳеч ким билмайди», — дейди корхона муҳандиси Маҳмуд Дўстмуродов

«Ушбу уйлар 2017 йилида қуриб фойдаланишга топширилган. Ростини айтиш керак, Қурувчилар кўчасида қуриб топширилган ушбу барча уйлар аъло даражада аммо шу 5 хонадонга бир неча маротаба таъмирлаш учун келдик. Аниқ сабабини биз ҳам билмаймиз. Келиб таъмирлаймиз, орадан маълум бир муддат ўтиб яна чақиришади. Сув босади, келамиз сабабини тополмаймиз. Йигитларимиз сабабини топишди, сув фавворадек отилиб чиқиб кетди. Шу хонадон соҳиблари билан уч кундан бери оворамиз. Бормаган ташкилотимиз қолмади. Сабаб шуки — бизга бу ердан сув қувурлари ўтганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Барча хатоликлар лойиҳалаштириш жараёнида бўлган. Биз ҳужжатга асосан уйни қурганмиз», — дейди исми очиқланишини истамаган «Жиззах қурилиш зийнати» МЧЖ иш бошқарувчиси.

Хулоса ўрнида

Ҳамма ҳам ўз уй-жойи, бошпанаси бўлишини хоҳлайди. Бугун ана шундай оилаларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида давлат томонидан аҳолига қатор қулайлик ва имтиёзлар яратилмоқда. Президентнинг бевосита ташаббуси ва тегишли қарорлари билан республика барча ҳудудларида арзон уй-жойлар қурилаётгани аҳолининг уй-жойга муҳтож, аммо кам таъминланган, ижтимоий ҳимояталаб қатламининг мушкулини осон қилмоқда. Юзлаб оилалар неча йиллик орзуси ушалиб, уйли бўляпти. Аммо бунёдкорлик соҳасида тажриба ортгани сайин арзон уй жойлар қурилишида ҳам ўзига хос муаммолар пайдо бўлмоқда.

Шароф Рашидов туманидаги «Янгиобод» маҳалласи Қурувчилар кўчасида юз берган ҳолат ҳам шаҳарсозлик норма ва қоидалари талабларини бузиш, аҳоли талаблари қолаверса газ, электр энергияси, канализация, сув ва бошқа коммуникация тармоқларини олиб бориш имкониятлари ўрганилмасдан ер танланиши оқибатида юзага келган, дея айта оламиз.

Яна бир муҳим масала шуки, янги қурилаётган уй жойлар арзон экан, деб уларнинг сифатини кейинги ўринга қўйиш ҳам инсофдан эмас. Кўриниб турибдики, бугун ушбу хонадонлардаги сифат сарфланган пулни оқламаган.

Шароф Рашидов туманида ана шунақа гаплар. Етдим деганда йиқилиб турган хонадон соҳибларининг боши қотган. Зора, муаммоларимиз тезроқ каттаконларга етса-ю, сув устида сузиб юрган уйларда яшовчиларга ёрдам қўлини чўзишса, дейишмоқда улар.

Kun.uz бу мавзуга яна қайтади.

Гулчеҳра Шарипова,
Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top