16:37 / 26.01.2019
30954

Термиз шаҳар ҳокимлиги ва қурувчи ўртасида сансалорлик: ёлғиз она бундан жабр кўрмоқда

Kun.uz таҳририятига Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳридаги «Шодлик» маҳалласида яшовчи А.Сувоновадан мурожаат келиб тушди.

«Икки нафар фарзандим бор, ёлғиз онаман. 2018 йил май ойида биз истиқомат қилиб турган икки қаватли уй бузилди ва ўрнига етти қаватли уй қурилмоқда. Бизнинг оилага янги қурилаётган уйдан икки хонали хонадон берилиши, янги уй 24 ой ичида қуриб битказилиши, бу орада ижарада яшаган уйимизнинг ижара пули шаҳар ҳокимлиги томонидан тўлаб турилиши айтилди. Айни вақтда ижара шартномаси тузган ҳолда ижара уйда яшаяпман. Дастлабки беш ойи ҳокимият ва қурувчи томонидан тўлаб берилди. Аммо уч ойдан буён ижара пули берилмаяпти. Ҳокимиятга борсам қурувчига, қурувчига борсам ҳокимиятга жўнатишади. Ушбу муаммони ҳал этишда ёрдам беришингизни сўрайман», — дейилади мурожаатда.

Ушбу мурожаатни ўрганиш учун Термиз шаҳрига йўл олдик. Масала юзасидан мурожаатчининг эътирозларини тингладик, ҳокимият вакиллари ва қурилиш ташкилоти раҳбари билан учрашдик.

Маълум бўлишича, Термиз шаҳрининг тасдиқланган бош режасига асосан ва шаҳар ҳокимининг 2018 йил 9 мартдаги қарорига кўра, Термиз шаҳар, Тараққиёт кўчасида жойлашган икки қаватли 11-уй тўлиғича бузилиб, ўрнига етти қаватли замонавий уй-жой қурилиши белгиланган. Айни вақтда қурилиш ишлари давом этмоқда.

Ушбу қурилиш ишларини олиб бориш «Termez Grand Almaz» масъулияти чекланган жамиятига юклатилган. Мазкур МЧЖ бузилаётган уйда яшаб турган хонадон эгалари билан келишувга эришган. Жумладан, А.Сувонова ва МЧЖ ўртасида келишув битими имзоланган.

Унда қурилиш 24 ой ичида қуриб битказилиши, А.Сувоновага янги уйдан 2 хонали хонадон ажратилиши белгиланган.

А.Сувоновага ижара шартномаси тузиши ва ижара пули тўлаб берилиши оғзаки билдирилган. А.Сувонова айни вақтда Термиз шаҳрида ижара шартномаси асосида хонадонда яшаб келмоқда.

Бу масала юзасидан Термиз шаҳри ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Шуҳрат Раҳмонқулов билан учрашдик.

«Қурилиш ташкилоти ва бузилаётган уйдаги хонадон эгалари ўртасида келишув битимлари имзоланган. Кимларгадир ер берилган, кимлар биландир бошқа турдаги келишувларга эришилган. А.Сувоновага ижарада турган уйига пул тўлаб келинаётганди. Аммо ҳокимият махсус ҳисоб рақамида пул йўқлиги туфайли охирги уч ойда тўланмасдан қолди», – дейди Шуҳрат Раҳмонқулов.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, А.Сувонова бу масала аввал ҳам муаммо бўлганида 2018 йил 11 сентябрда Ўзбекистон Республикаси президенти виртуал қабулхонасига мурожаат қилган. Бу мурожаат юзасидан Термиз шаҳар ҳокими номидан А.Сувоновага келган хат мазмуни билан танишдик. Унда шаҳар ҳокимлиги махсус ҳисобига пул тушса, белгиланган тартибда ижара пули тўлаб берилиши маълум қилинган.

Аслида ижара пулини ким тўлаши керак, ҳокимиятми ёки қурувчи ташкилотими?

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 7-бандида олиб қўйилаётган ер участкалари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ажратиб берилган тақдирда уй-жой қийматини тўлаш, уйлар (квартиралар) бериш ва вақтинчалик турар жой бериш, шунингдек янги жойга кўчиш билан боғлиқ барча харажатларни қоплаш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари қарорига кўра ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, Низомнинг 8-бандида ер участкасини ўзлаштириш даврида икки йилгача муддатга ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой бериб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўлиқ тўланган ҳамда ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган бошқа зарарларни қоплаган ҳолда, фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси бериш белгиланган.

Шу асосида А.Сувоновага ижарадаги уйининг ижара ҳақи тўланмай келаётганлиги юзасидан «Termez Grand Almaz» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш.Эрматов билан учрашдик. У муаммо шу куннинг ўзида ижобий ҳал этилишини билдирди.

Мақолани тайёрлаш жараёнида А.Сувонова билан боғландик ва тўланмай қолинган уч ойлик ижара ҳақи қурувчи томонидан тўлаб берилганлигини билдирди.

Шунингдек, мақолани тайёрлаш жараёнида айнан шундай мазмундаги муаммо билан Термиз шаҳридан фуқаролар томонидан бир нечта мурожаатлар келиб тушди. Кўриниб турибдики, Термиз шаҳрида бу борада етарлича муаммолар бор. Мутасаддилар бу масалага жиддийроқ эътибор қаратишига умид қиламиз ва бу мавзуга яна қайтамиз.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top