13:09 / 01.02.2019
22807

Ўзбекистонда йил бошидан бери деярли барча озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошди

Фото: Depositphotos

 2019 йилнинг январь ойида мамлакат истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи ўртача 1,5%га ошди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

 Ой давомида маҳсулотлар нархи 1,8%га, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 2,8%, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,5%га ошди. Хизматлар нархи эса 0,5%га ўсди. 

Ой давомидаги нархлар ўзгаришининг тузилмаси таҳлилига кўра, 2019 йилнинг январь ойида ҳар бир йирик гуруҳнинг салмоқ вазнларини ҳисобга олган ҳолда, таъсир даражаси бўйича устунлик озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳига тегишлидир 

Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан нархларининг ўсиши борасидаги етакчилик мева-сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келиб, бу эса нархларнинг ой давомида ўртача 8,3 %га қимматлашганлигини кўрсатади

Қуйида алоҳида гуруҳлар бўйича озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол нархлари индекси тақдим этилган:

2019 йил январь ойида ҳам асосий турдаги нон маҳсулотлари нархлари қимматлашишда давом этди: ун, нон ва нон маҳсулотлари, гуруч, ёрма ва дуккакли маҳсулотлар нархлари ой давомида 0,2% дан 3,7% оралиғида қимматлашди.

Маълумот учун: гуруч нархлари январь ойида сезиларли даражада Фарғона вилояти (4,7%) ва Қорақалпоғистон Республикасида (4,5%), минимал даражада эса Наманган вилоятида (1,1%) ошган.

Ой давомида буғдой уни нархлари Қорақалпоғистон Республикаси (6,9%) ва Сурхондарё вилоятида (5,5%) сезиларли даражада қимматлашганлиги кузатилган бўлса, минимал суръатда ошганлиги эса Хоразм вилоятида қайд этилган (0,6%). Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги нархлар ой давомида ўзгаришсиз қолган.

Олий навли буғдой унидан нон нархлари уч ҳудудда ошган: булар, Қорақалпоғистон Республикаси (13,3%), Сурхондарё вилояти (9,6%) ва Тошкент шаҳрида (13,1%). 

1-навли буғдой унидан нон нархлари Қорақалпоғистон Республикасида (1,2%), Сурхондарё (6,6%) ва Фарғона (5,0%) вилоятларида қимматлашган.

Қуйида асосий турдаги нон махсулотларининг истеъмол нархлари индекси тақдим этилган:

2019 йилнинг январь ойида гўшт ва парранда гўшти 0,9%, балиқ ва балиқ консервалари нархлари 2,0%га кўтарилган.

Маълумот учун: мол гўшти (суяксиздан ташқари) нархлари Тошкент (2,8%) ва Сурхондарё вилоятида (1,5%), қўй ва суяксиз мол гўшти Тошкент вилоятида (2,5% ва 3,7%), товуқ болдири ва сон қисми нархи Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида (3,4%), бошқа парранда гўшти маҳсулотлари Самарқанд (3,8%) ва Тошкент вилоятларида (3,7%) сезиларли даражада қимматлашган.

Маълумот учун: сут нархлари бошқа ҳудудларга нисбатан юқори даражада ошганлиги Тошкент (10,6%), Жиззах ва Наманган вилоятларида (7,9%) кузатилган.

2019 йилнинг январь ойида мева ва сабзавот маҳсулотлари нархлари ўртача 8,3%га ўсди. Цитрус мевалари нархларини 1,0%га арзонлашганлигини ҳисобга олмаганда, деярли барча турдаги мева ва сабзавот маҳсулотлари нархларида ўсиш кузатилган.

2019 йилнинг январь ойида мева-сабзавотлар гуруҳи таркибига кирувчи маҳсулотлардан узум (1,3 баравар), тарвуз (22,0%) ва помидор (16,3%) нархларининг юқори даражада қимматлашганлиги қайд этилган. Шунингдек, ошқовоқ (8,6%), бодринг (8,0%), саримсоқ (5,1%), тузланган бодринг ва помидор (3,4%), лавлаги (1,7%), ёнғоқ (1,2%), қуритилган мевалар (1,1%) нархлари ҳам қимматлашган. 

Йиллик маълумотлар таҳлилига кўра (2019 йил январь 2018 йилнинг январига нисбатан), мева-сабзавот маҳсулотлари нархлари ўртача 5,0%га қимматлашди. Ушбу гуруҳ маҳсулотлари нархлари орасидаги ўзгариш доираси нисбатан кенг бўлди. Карам нархлари максимал даражада қимматлашиб (2,5 баравар), саримсоқ нархлари эса аксинча минимал даражада (43,5%) арзонлашди.

Бошқа кузатилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳлари бўйича ёғ-мой маҳсулотлари 2019 йилнинг биринчи ойи давомида 1,6%га, жумладан сариёғ 3,0%, маргарин 2,7%, пахта ёғи 1,2%, кунгабоқар ёғи 1,1%га қимматлашди.

Шакар, чой ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ой давомида ўртача 1,2% га қимматлашди.

 Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон бозорларидаги нархлар тўғрисида маълумот берилганди.

Top