14:51 / 11.02.2019
17985

Халқ таълими вазирлиги: мактаб ҳудудини бегона қўлга беришда вазирнинг розилиги олинмаган 

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Kun.uz нашрининг Фарғона вилояти Қува туманидаги Қорашоҳ маҳалласидаги 44-умумтаълим мактаби стадионида маиший хизмат объектларини қурилиши ҳақидаги мақоласига муносабат билдирди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири. 

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябридаги «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 10-бандига кўра умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ва кўчмас мулкини Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири билан келишмасдан бегоналаштириш тақиқланади.

Қорашоҳ маҳалласидаги 44-умумтаълим мактаби стадионини тадбиркорлар лойиҳаларини амалга оширишлари учун ажратиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг розилиги олинмаган», — дейилади вазирлик ахборотида.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ҳуқуқий-назорат Хизматига мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиш ва қонунчилик доирасида керакли чоралар кўриш топширилди. 

Эслатиб ўтамиз, Қорашоҳ МФЙда истиқомат қиладиган оилаларнинг 650 нафардан зиёд фарзандлари ўз ҳудудларидаги 44-умумтаълим мактабида таълим ва тарбия олади, ҳамма ўқув даргоҳларида бўлгани сингари мазкур мактабда ҳам ўзига бириктирилган стадион мавжуд. Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов «Қосимов Сирожиддин чорваси» раҳбари Иномжон Қосимов стадион ҳудудида ишбилармонлик қилиб, маиший хизмат объектлари қуришни ихтиёр этгани ҳақида маълумот берганди. ​

Top