Бельгия ҳарбий контрразведкаси раҳбари махфийлик қоидаларини бузиш ва Россия фойдасига ишлашда гумонланиб ишдан вақтинча четлатилди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб De Morgen газетаси хабар берди.
Хабарда айтилишича, майор Клемент Ванденборренинг ADIV (ахборот ва хавфсизлик бош хизмати)даги офиси январь ойи охирида муҳрланган, унинг ўзи эса уй қамоғига жойлаштирилган.
Майор махфий ҳужжатларни оддий қоғоз майдалагичда йўқ қилганликда гумонланмоқда. Унинг Россия билан эҳтимолий алоқалари тафсилоти ошкор қилинмаяпти.
Шу билан бирга De Morgen газетаси манбалари Ванденборрега қарши иш ADIV ичидаги ҳокимият учун кураш оқибати бўлиши мумкин деб ҳисоблашмоқда. Хизмат ичида ёши катта раҳбарларга нисбатан норозилик кучаймоқда: майор разведкада қирқ йилга яқин ишлаган.