15:46 / 21.02.2019
28935

«Снос»дан қандай ҳимояланиш керак: Тошкент ҳокимлиги бузиш ишларини тартибга солувчи нормаларни эълон қилди

Фото: KUN.UZ

Тошкент ҳокимлиги турар жой бузилиши тартиби ва бу масала бўйича қонунчилик ҳужжатларини эълон қилди.

«Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи аҳоли билан олиб борилган очиқ мулоқоти давомида «аҳоли розилигисиз ҳеч бир уй бузилмайди», деб таъкидлади. Бу ҳолат баъзи ижтимоий тармоқлар томонидан туман аҳолисининг айрим қисмида уйғотилган саросима ва норозилик ҳолатларига барҳам берди. Шаҳар ҳокимининг айтган сўзлари нафақат Мирзо Улуғбек туманига, балки пойтахтимиздаги барча ҳудудларга ҳам тегишлидир», - дейилади хабарда.

Аҳоли розилигисиз ҳеч бир уй бузилмаслиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги ПФ-5495-сонли фармонида аниқ белгилаб қўйилган.

Ҳужжатда шундай дейилади: «…Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади».

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарорида ҳам мазкур масала юзасидан алоҳида Низом тасдиқланган. 

Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой Кодекси»нинг 27-моддасида ҳам бу борада аниқ нормалар ўрнатилган

Шу қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилдаги 15 августдаги «Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5511 фармони билан инвесторлар учун Тошкент шаҳрида инвестицион лойиҳа амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш тартиблари белгиланган.

«Ҳурматли ҳамшаҳарлар, Тошкент шаҳар ҳокимлиги сизнинг қонун ва қонуности ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқларингиз бузилмаслиги йўлида барча чораларни кўради», - дейилган хабарда.

Top