22:52 / 05.03.2019
5347

Тошкент вилоятида уй-жойга муҳтож аёлларга - калитлар, фаол аёлларга кўкрак нишони топширилди

Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида уй-жойга муҳтож аёлларга хонадонлар калитлари тантанали топширилди. Шу билан бирга, вилоятнинг фаол аёллари "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланди, дея хабар берди  Kun.uz мухбири.

Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган фаол,  фидойи аёллар Оҳангарон шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишгач,  Нурафшон шаҳрида Она ҳайкал пойига гул қўйишди ва шу тариқа аёллар ҳамда оналарга ҳурмат бажо келтиришди.

Шундан сўнг хотин-қизлар "Оила" илмий-амалий маркази ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари фаолияти билан танишишди.

Тошкент вилояти байрам тантаналари Нурафшон шаҳрида  давом этди. Унда вилоят ҳокими Ғуломжон Ибрагимов иштирок этиб, барча хотин-қизларни байрам билан самимий қутлади.

Тадбирда ҳукумат томонидан  "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланган  аёлларга ушбу юксак мукофот тантанали равишда топширилди. Бундан ташқари, вилоятнинг фаол ва фидойи аёллари фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Top