13:30 / 10.03.2019
42854

«Ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп» ёки жиззахлик ўқитувчиларнинг «Сўғдиёна»га ўтказилган пуллари қаерга йўқолди?

Ўтган йилнинг кузида Жиззах вилоятида ўқитувчилардан маҳаллий «Сўғдиёна» футбол клубининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 272,15 млн. сўм миқдорида маблағ йиғилгани аниқланганди.

Шундан сўнг, Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати аралашуви билан ўқитувчилар томонидан «Сўғдиёна» клубига «хайрия» қилинган маблағлар қайтарилаётгани маълум қилинди.

«Ўрага сичқон тушди — гулдур-гуп», дейишади. Кимларнингдир бефарқлиги, лоқайдлиги оқибатида бу пулларнинг бир қисми ортга қайтмаган, вилоятнинг Янгиобод туманидаги ўқитувчилар ўз пулларини қайтариб ололмаган, бу пуллар қайсидир «ўра»га сингиб кетган.

Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган янгиободлик бир гуруҳ ўқитувчилар 5 ой вақт ўтган бўлса-да, «Сўғдиёна» клубига ўтказилган пуллар ҳалиям қайтарилмаганини ва бу ҳақда улар бир неча бор мутасадди ташкилотларга мурожаат қилишгани бефойда бўлганини айтишди.

Аслида нима бўлган эди?

2018 йилнинг 2 ноябрида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиевнинг «Сўғдиёна» профессионал футбол клубининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги 360-Ф сонли фармойиши қабул қилинган эди. Унга кўра, 3–4 ноябрь кунлари умумхалқ ҳашари ташкил этилиб, ҳашар доирасида бошқармалар, идоралар ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлари «Сўғдиёна» клуби ҳисоб рақамига ихтиёрий равишда ўтказилиши белгиланганди.

Ушбу фармойишга кўра, Жиззах вилоят бошқармаси тасарруфидаги 10та туман халқ таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактаб ишчи-ходимларидан жами 272 156 729 сўм миқдоридаги маблағ ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига зид равишда қабул қилинган ушбу фармойиш орадан кўп ўтмай, ҳокимнинг 2018 йил 10 ноябрдаги 369-Ф-сонли фармойиши билан бекор қилинди.

Шундан сўнг, Халқ таълими вазирлиги «Сўғдиёна» футбол клуби ҳисоб рақамига ноқонуний ўтказилган пул маблағларини қайтариш чоралари кўрилгани, барча ўқитувчиларга ойлик маошидан ушлаб қолинган бир кунлик иш ҳақлари қайтарилаётгани ҳақида маълум қилди.

«Ўқитувчининг ойлик маоши оширилди, уларга бир қанча имтиёзлар яратиляпти... Бу каби гаплар бугун кўпчиликнинг тилидан тушмайдиган мавзуга айланди. Биласизми, ўқитувчининг ҳам елкасига офтоб тегадиган кунлар келганидан хурсандмиз. Лекин йиға-йиғлар ва ўқитувчига «пастроқ» назар билан қараш айрим раҳбарларда сақланиб қолган, десам адашмайман. Ҳозир салгина ҳаққингни талаб қилсанг, дарров юзингга тап тортмасдан «бундан икки йил олдин ғинг демай айтган ишни қилардинг-ку?», дейишади.

Замон ўзгарди, одамларнинг дунёқараши ўзгармоқда. Нега айрим раҳбарларимиз ўзгаришни исташмайди? Жиззахликларга улар кутган натижани, ғалабани олиб келолмайдиган «Сўғдиёна» футбол жамоаси ҳисоб рақамига ўтказилган пуллар дом-дараксиз йўқолганини қандай изоҳлаш мумкин?

Нақд 21 миллион 600 минг сўм ҳозирда қайси ҳисоб рақамидалигини ҳеч ким билмайди. Ёзма ва оғзаки мурожаатларимизга эса бир хил жавоб берилмоқда: «ўрганиляпти, текшириляпти...». Аниқ жавоб берадиган марднинг ўзи йўқ. Ўқитувчилар эса сарсон.

Қизил ярим ой жамияти, Тоза ҳудуд, истеъмолчиларни ҳимоя қилиш жамияти... ва ҳоказо дейишади. Ишқилиб, ўша ошган ойлик маошниям бир амаллаб эски ҳолига келтиришади.

Қўлимда туманимиздаги барча мактабларда фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг 100дан ортиқ ариза ва тилхатлари турибди. Уларнинг мазмуни бир хил: «пулларимиз қайтариб берилишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз». Мен Янгиобод тумани прокуратурасига ёзма мурожаат билан чиқдим, аммо ҳали тайинли жавоб олмадим», — дейди Янгиобод тумани ХТБ раҳбари муовини Элёр Мухторов.

«Шу соҳада 27 йилдан бери меҳнат қиламан, тумандаги 12-умумтаълим мактабда бошланғич синфларга дарс бераман. Жиззах вилояти ҳокимининг фармойиши чиққанидан сўнг мактабимизда йиғилиш бўлиб ўтди. Мактаб директори бошчилигида ўтган йиғилишда «Сўғдиёна» футбол клуби ҳисоб рақамига пул ўтказиш тўғрисида сўз борди. Мен дарҳол қаршилигимни билдиргандим, лекин фикрим инобатга олинмади.

Кейин билсам — йиғилишдан аввал пуллар аллақачон бизнинг розилигимизсиз ушлаб қолинган экан. Нима ҳам дердик, «кўпга келган тўй-да», дея индамай қўя қолдим. Аммо маълум фурсат ўтиб, шов-шув кўтарилди. Пуллар қайтарилади, дейишди. Эшитиб хурсанд бўлдик. Мана, орадан беш ой ўтди, ҳалиям кутяпмиз... Кимга борсанг эшитади, лекин аниқ жавобнинг ўзи йўқ. Янгиобод туман адлия бўлимига мурожаат билан чиқдик. Бизга ўзларинг рози бўлиб берган экансиз, деган мазмунда жавоб қайтаришди. Гап рози бўлиш ёки рози бўлмасликда эмас, пуллар қайтиши керак эди, аммо бу саволга ҳамма елкасини қисади. Кутаяпмиз, натижа бўлиб қолар», — дейди Эркин Мирзаев.

«Тумандаги 4-умумтаълим мактабида етакчи бўлиб ишлайман. Мактабимиздаги 35 нафар ходимдан 3 млн 50 минг сўм пул «Сўғдиёна» футбол клуби ҳисоб рақамига ўтказилган. Мендан ҳам 66 минг сўм ушлаб қолинган. Ҳоким фармойиши бекор қилинганидан кейин биз ҳам жамоамиз билан пуллар қайтарилишини кутгандик. Афсуски, ундай бўлмади. Мен жорий йилнинг январь ойида Республика прокуратурасининг ишонч телефони 1007 рақамига қўнғироқ қилдим, мурожаатимига февраль ойида «Ўрганиляпти», деган жавоб келди. Менга алам қилгани — бунинг нимаси ўрганилади. 5 ой вақт ўрганишга камлик қилдими? Энг қизиғи — бизга ҳеч ким пуллар қайтарилиши ёки қайтарилмаслигини аниқ айтмайди. Бир хил жавобдан бездик: «текшириляпти, ўрганиляпти». Қачон ўрганиб бўлишади? Ёки «ёпиғлиқ қозон» ёпиғлигича қолиб кетаверадими?», — дейди Илёс Маҳкамов.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Янгиобод туман Халқ таълими бўлими мудири Ибодулла Рахимов билан учрашдик.

«Қўлимизда «Сўғдиёна» футбол жамоасига ўтказилган 21 миллион 600 сўмнинг тўлов қоғози турибди. Рости, қайтарилишга умид ҳам қилмай қўйдик. Бу борада туман адлия бўлимига мурожаат қилдим. Бу ихтиёрий тўланган пуллар, дейишди. Чиндан ҳам пуллар барчанинг розилиги билан ихтиёрий ўтказилган. Яна бир гап, Жиззах вилояти ҳокимининг фармойишида ҳам пуллар қайтарилсин, деган банд йўқ. Шу боис, бир нима деёлмаймиз. Тўлаб беришса — хурсанд бўламиз. Мен бу борада вилоят ҳокимлигига хат билан чиқдим, аммо «Бунга вилоят ҳокимлигининг алоқаси йўқ», деган жавоб келди», — дейди у.

Ушбу муаммоли вазият бўйича Янгиобод тумани ҳокими Икром Маттиевга учраганимизда, у бу воқеадан хабари йўқлигини, ўн кун ичида бу масала ижобий ҳал этилишини ваъда қилди. Туман ҳокимининг бу вазиятдан хабари бор-йўқлиги қанчалик ростлиги бизга номаълум, лекин муаммо ечимини топиши керак. Бизга шуниси муҳим.

Айрим мутасадди ташкилотларнинг, масъул идораларнинг раҳбарлари бефарқлиги ва лоқайдлиги оқибатида беш ойдан бери турли идораларнинг эшигида сарсон бўлаётган ўқитувчиларнинг пешона тери эвазига топилган бир кунлик иш ҳақлари қайтарилмай келмоқда.

Гулчеҳра Шарипова,

Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top