22:26 / 12.03.2019
8254

Boeing 737 MAX самолётларидан воз кечаётган давлатлар ва авиакомпаниялар сони ортиб бормоқда

Фото: AP Photo/Ted S. Warren

Эфиопияда Boeing 737 MAX самолёти билан юз берган ҳалокатдан кейин уни қўллашдан воз кечаётган авиакомпаниялар ва унинг ўз ҳудудидан учиб ўтишини истамаётган давлатлар сони тобора ортиб бормоқда. 

Жумладан, Австрия транспорт, инновация ва технологиялар вазири Норберт Хофер ушбу турдаги самолётлар учун мамлакат ҳаво ҳудудини ёпишни буюрган.

“Хавфсизлик – авиациядаги энг устувор жиҳатдир. Ушбу турдаги Boeing билан катта муаммолар мавжудлиги аён ва улар охир натижада иккита ҳалокатга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Йўловчилар, учувчилар ва экипаж аъзоларини ҳимоялаш мақсадида айни вақтда мавжуд далиллар асосида бу самолётларнинг Австрия ҳаво ҳудуди орқали учишини тўхтатишга кўрсатма бердим”, деб айтган Хофер. 

Шунингдек, Франция, Буюк Британия, Нидерландия, Германия, Малайзия, Уммон, Ирландия ҳам ўз ҳаво ҳудудлари орқали Boeing 737 MAX парвозларини тўхтатишга қарор қилган. Бундан ташқари, Хитой, Индонезия, Вьетнам, Сингапур ва Австралия бу самолётларни қўллашни вақтинчалик тўхтатишга кўрсатма берган.  

Камида 27 та авиакомпания Boeing 737 Max 8’дан фойдаланишдан воз кечди. Улар орасида China Southern Airlines, Norwegian Air, Iceland Air, Air China, Turkish Airlines, Shanghai Airlines, Lion Air, Oman Air, Ethiopian Airlines, Lucky Air, Royal Air Maroc, Garuda Indonesia ва бошқа авиакомпаниялар бор.

Top