12:50 / 26.03.2019
4912

Пике бошчилигидаги каталонияликлар Венесуэлага қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушишди

Каталония терма жамоаси 25 март куни Венесуэлага қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Жиронада ўтган ўйин мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан тугади.

Каталонияликлар сафида голларга Боян Кркич ва Хави Пуадо муаллифлик қилишди. Жамоа таркибида «Барселона»нинг уч футболчиси – Жерар Пике, Марк Бартра ва Алеш Видаль иштирок этди. Маълумот учун, Пике ЖЧ-2018дан кейин Испания миллий жамоасидаги фаолиятини якунлаганди. У кечаги баҳсда мезбонлар сардори сифатида тўп тепди, бу унинг ушбу термадаги 10-ўйини бўлди.

BBC хабарига кўра, Қатарнинг «Ал-Садд» клубида ўйнаётган Хави ҳам термадан чақирув олган, аммо у клубдаги ўйинлари туфайли кела олмаган.

Каталония терма жамоаси ФИФА ва УЕФА томонидан расман тан олинмаган, шу боис клублар ФИФА кунларида ўз футболчиларини қўйиб юборишга мажбур эмас. Кечаги баҳсда ҳам терманинг бир қатор ўйинчилари шу сабабдан иштирок эта олишмаган.

Маълумот учун, Каталония ҳукумати 2017 йил 1 октябрида референдум ўтказган ва ўзини мустақил деб эълон қилганди, аммо Испания расмийлари бу овоз бериш жараёнини ноқонуний деб топган.

Ўртоқлик учрашуви
25 март. Жирона
Каталония — Венесуэла — 2:1 (0:0)
Голлар: Кркич (53), Пуадо (88) – Росалес (59)

Эслатиб ўтамиз, Венесуэла миллий жамоаси 22 март куни Мадридда ўтган ўртоқлик ўйинида Аргентинани 3:1 ҳисобида мағлуб этганди.

Top