16:41 / 26.03.2019
21453

Тошкент ҳокимлиги шаҳардаги энг йирик солиқ тўловчилар номини ошкор этмоқчи

Фото: 123RF

Тошкент ҳокимлиги шаҳардаги энг йирик солиқ тўловчилар номини очиқлашга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида айтилади.

Унда билдирилишича, жорий йилдан республикада янги солиқ концепцияси амалга оширилаётганлиги муносабати билан Тошкент шаҳар аҳолиси томонидан айрим йирик компанияларнинг солиқ тӯловлари тӯғрисида маълумот бериш бӯйича мурожаатлар келиб тушяпти.

«Шаҳар ҳокимлиги компанияларнинг тӯлиқ рӯйхатини белгилаш мақсадида сиздан сӯрайди - ӯзингизни қизиқтирган йирик компания номини бизга ёзиб юборинг», - дейилади хабарда.

2018 йилнинг декабрь ойи бошларида Ўзбекистонда энг йирик солиқ тўловчилар аниқланганди. 

«Фуқаролар учун бюджет 2019» лойиҳаси доирасида Молия вазирлиги 20та энг йирик солиқ тўловчи рўйхатини эълон қилган. Улар давлат бюджетига тушумларнинг деярли 38 фоизини таъминлайди.

Топ-20да «Навоий кон-металлургия комбинати» етакчилик қилган - комбинатнинг солиқ тўловлари 2019 йилда Ўзбекистон умумий бюджетидан 6,8 фоизни ташкил қилади. Иккинчи ўринда «Ўзтрансгаз» АК - компаниянинг бюджетдаги улуши 6,4%. Кучли учликка «Лукойл Ўзбекистон Оперейтинг Компани» МЧЖ якун ясаб берди - 4,5%.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг энг йирик солиқ тўловчилари Топ-10лигига «Олмалиқ кон-металлургия комбинати», (3,6 %), «Ўзбат» АЖ (2,5%), «Uz-Kor Gas Chemical» МЧЖ (1,6 %), «Муборак нефтгаз» МЧЖ (1,4 %), «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ (1,3%), «Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи» (1,3%) ва «Қизилқумцемент» АЖ (1,2%) кирди.

Top