23:39 / 04.04.2019
3490

Жиззах шаҳрида уй-жой коммунал хўжалигига рақамли технологиялар жорий этилмоқда

Фото: ЛБМА матбуот хизмати

Жиззах вилоятининг “Илғор ҳудуд” пилот лойиҳасини амалга ошириш офисида “Группа Полипластик” компанияси вакилларининг Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА), Жиззах шаҳар ҳокимлиги, шаҳар коммунал хизматлар раҳбарлари ва мутахассислари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Жиззах шаҳрининг “Заргарлик” МФЙда жойлашган 4 уйда “Ақлли шаҳар” лойиҳасининг амалга оширилиши муҳокама этилди. “Группа Полипластик” компанияси билан ҳамкорлик 2019 йилнинг 7 март куни ЛБМА билан тузилган Ўзаро англашув меморандумида кўзда тутилган, дейилади ЛБМА матбуот хизматида.

Лойиҳа доирасида Жиззах шаҳридаги микрорайонларнинг бирида «Umnogor» рақамли платформа асосида шаҳар мулкини бошқариш учун бир неча ахборот ва коммуникация технологияларини ва “Интернет-буюмлар”ни ўзаро боғлаш кўзда тутилган.

“Ақлли шаҳар” платформасининг амалга оширилиши 5 асосий блокдан иборат:

1. Уйлар ва хонадонлар ҳисоблагичларининг маълумотларини йиғиш, узатиш ва ҳисобга олишни ўзида мужассамлаштирган ресурсларни ҳисобга олиш тизимини яратиш. Бу ресурс тармоқлардаги реал йўқотишларини аниқлаш ва ҳақиқатда истеъмол қилинган ресурслар учун тўловларни амалга ошириш имконини беради.

2. Авария ҳолатига нисбатан тезкор чоралар кўриш вақтини қисқартириш ва ҳар бир мурожаатнинг бажарилишини назорат қилиш имкониятини берадиган ягона диспетчерлик хизматини жорий этиш;

3. Шаҳар коммунал хўжалигининг реал маълумотларини таҳлил қилиш ва асосланган, шу жумладан режалаштирилган тадбирларни “сунъий интеллект” асосида таҳлил қилишдан фойдаланган ҳолда қарорлар қабул қилиш имкониятини берадиган коммунал хўжалигининг электрон моделини яратиш.

4. Қурилиш лойиҳаларини келишиш, назорат қилиш ва кузатиб бориш, қўл меҳнатининг ҳажмини камайтириш мақсадида қурилишларни рақамли бошқариш.

5. Меъёрдан ортиқча йўқотишларни ва ноқонуний уланиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида иссиқлик тармоқларини учувчисиз аппаратлардан фойдаланган ҳолда текшириш.

Лойиҳа Ўзбекистон ҳудудида ягона бўлиб, кейинчалик Жиззах шаҳри ва республиканинг бошқа туманларида замонавий рақамли технологик тизимларини ўрнатиш учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида фойдаланиладиган рақамли ва қурилиш технологиялари (траншеясиз тиклаш) мухандислик тармоқларини капитал таъмирлаш ишларига кетадиган харажатларни сезиларли даражада камайтириш ва улардан фойдаланиш муддатларини сезиларли узайтириш имконини беради.

Top