21:49 / 04.04.2019
16019

ПФЛ клублардан чипта нархини ошириб, мухлисларни қуёш тагига «ҳайдаш»ни талаб қилди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси бош директори ўринбосари Д.Хаитметов томонидан имзоланган ва Суперлига клубларига жўнатилган хат тарқалиб кетди.

Унда клублар томонидан мухлисларни стадионга жалб қилиш ишлари суст олиб борилаётгани ва бу камчиликни бартараф қилиш учун бажариш лозим бўлган чора-тадбирлар, шунингдек, бу талабни бажармаган клубларга нисбатан жарима миқдорлари ҳақида маълумот бор.

Хусусан, хатда айрим клублар томонидан стадионларга мухлислар ташрифини ошириш бўйича белгиланган вазифалар тўлиқ амалга оширилмаётгани, футбол клублари томонидан жойлардаги Олий ва ўрта махсус ўқув юртлари ва маҳаллалар билан етарлича алоқалар ўрнатилмагани айтилган.

Шунингдек, ўйинни Спорт телеканали орқали намойиш этилишида VIP секторга қарама-қарши томонда жойлашган секторларнинг 70 фоизини тўлишини таъминлаш, бунинг учун (диққат!) VIP секторга туташ бўлган секторлар учун чиқарилган чипталар нархини 50 минг сўмдан кам қилмаслик талаби қўйилган.

Бундан ташқари, клублардан мухлисларни биринчи навбатда VIP секторларга қарама-қарши бўлган секторга киришини таъминлаш сўралган.

Футбол клуби бу талабларни бажармаса, биринчи сафар 15 миллион сўм, иккинчи сафар 30 миллион сўм, учинчи сафар 50 миллион сўм жаримага тортилиши билан огоҳлантирилган.

Хатни ўзимизнинг оддий тилга ўгириб, бундан қуйидагича мазмун чиқардим:

1. Клублар Олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабалари, маҳалла аҳолиси билан стадионларни тўлдириш ишларини суст олиб боришмоқда. Уларнинг футболга қизиқиши ёки қизиқмаслиги, вақти бор ёки йўқлиги, эркинлиги ва ихтиёри иккинчи даражали масала. Муҳими – стадион тўлиши керак.

 2. Клублар VIP секторга қарама-қарши бўлган секторларни мухлислар билан тўлдирмаяпти. Натижада, Спорт телеканали камералари қараган секторлар бўм-бўш турибди ва стадионда мухлис камдек кўринмоқда. Бу эса футболни ТВ орқали намойиш қилиш жозибасини пасайтиряпти. Ахир, ўйин кундуз куни ўтказилса, VIP секторга қарама-қарши бўлган томонда қуёшда жизғанак бўлиш мумкин-ку, дерсиз? Бунинг аҳамияти йўқ, муҳими ТВ трансляцияси жозибали бўлиши керак. Мухлисларни қарама-қарши секторларга қувиш керак. Бунга мажбурлаш учун VIP секторлар ёнидаги ўриндиклар чиптаси нархини 50 минг сўм қилиб белгилаш керак.

3. Биз бундай қилолмаймиз, мухлислар норози бўлиши мумкин. Уларнинг орасида қариялар, аёллар, ёш-болалар бор. Қуёшда жизғанак бўлиб, тоби қочиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, чипта нархини 50 минг сўм қилиш инсофдан эмас. Ахир бу миллий жамоа ўйини эмас ёки ОЧЛ беллашуви эмаску, дейсизми? Агар биринчи марта шундай десангиз – 15 миллион сўм жарима. Яна бир марта айтсангиз – 30 миллион сўм жарима. Мабодо учинчи марта ҳам шундай десангиз – 50 миллион сўм жаримага тортиласиз.

Менимча шундай.

Нурмуҳаммад Саид

Top