14:02 / 18.04.2019
10323

Ихтирочи ҳарбийлар. “Фарғона” полигонида рационализаторлик ишлари намойиш этилди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

“Фарғона” полигонида Шарқий ҳарбий округи тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасалари ўртасида ихтирочилик, рационализаторлик ва инновацион ғоялар кўргазмаси ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жанговар тайёргарлик, жанговар таъминот, техник таъминот, ракета артиллерия қурол-аслаҳалари ҳамда тарбиявий ва мафкуравий ишлар каби бешта йўналиш бўйича ўтказилган кўргазмани ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Фарғона “Темурбеклар мактаби”, Фарғона давлат университети ҳарбий кафедра талабалари ва Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти тингловчилари бевосита кузатиб борди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Кўргазма давомида ҳарбий хизматчилар томонидан кашф этилган ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳаларнинг тактик-техник хусусиятларини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши мумкин бўлган қурилмалар, ихтиролар намойиш этилди, фойдаланишда қулайлик яратувчи, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларини ўтказишда янги инновацион технологиялар ва ускуналарни қўллаш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

90дан ортиқ рационализаторлик ғоялари намойиш этилган кўргазма давомида иштирокчилар ҳали ҳеч ерда қўлланилмаган илғор техникалар билан танишди. Кичик сержант У.Матҳалилов томонидан яратилган ва полигон учун хизмат қиладиган оғир шароитларда нишонларни кўтариб тушириш электрон мосламаси кўпчиликнинг диққат марказида бўлди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, лейтенант И.Ҳамидуллаевнинг макетда ўқ отиш машқини янгича усулда симуляция қилиш мосламаси, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар К.Амировнинг БТР-70 техникасида ташқи кучлар томонидан эҳтимолий ёнғин содир этилганида, техника ичидан ташқарига чиқмай туриб ёнғинни ўчириш мосламаси кўпчиликда қизиқиш уйғотди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Майор С.Очилов тақдим этган дала шароитида ахлоқий-руҳий таъминотни шакллантиришга хизмат қиладиган автоном автожамланманинг лойиҳаси ҳам йиғилганларга маъқул бўлди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ғолиблар Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Лутфулло Бузруков томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

5 та йўналиш бўйича ғолиблар кейинги босқичга йўл олди, уларнинг ғояларини амалиётда қўшинларда қўллаш бўйича таклифлар киритилади. 

Top