09:18 / 23.04.2019
26582

3 ойда қарийб 900 минг ўзбек чет элга ишлаш учун чиқиб кетди

Фото: РИА Новости / Алексей Филиппов

2019 йил январь-март ойларида 1,6 млн киши Ўзбекистон Республикасига келган. Ушбу рақам 2018 йил январь-март ойларига нисбатан 1,5 мартага ўсган. Бундан Давлат статистика қўмитаси маълумотлари дарак беряпти.

Шунингдек, шу даврда Ўзбекистон Республикасининг 2,8 млн фуқароси чет элга кетган. Бу кўрсаткич 2018 йил январь-март ойларига нисбатан 0,9 марта камайган, дейилади статистика ахборотида.

2019 йил январь-март ойларида Ўзбекистон Республикасига келган чет эл фуқароларининг 55,8% (919,4 минг киши) эркаклар, 44,2% (727,4 минг киши) аёлларни ташкил этади. Шу билан бирга, кетган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг 60,1% (1,7 млн киши) эркаклар, 39,9% (1,1 млн киши) аёлларни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикасига келган МДҲ фуқароларининг асосий қисми Қозоғистон Республикасидан 554,0 минг киши (33,6%), Тожикистондан 478,8 минг киши (29,1%), Қирғизистондан 301,6 минг киши (18,3%), Россиядан 102,0 минг киши (6,2%), Туркманистондан 101,5 минг киши (6,2%), Беларусдан 3,9 минг киши (0,2%) ва Озарбойжондан 3,1 минг киши (0,2%).

Узоқ хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига келган чет эл фуқароларининг асосий қисми Туркиядан 22,4 минг киши (1,4%), Хитойдан 11,0 минг киши (0,7%), Жанубий Кореядан 8,0 минг киши (0,5%) ташриф буюрган.

Чет элга кетган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг асосий қисми МДҲ давлатларидан Қозоғистон Республикасига 44,1% (1,2 млн киши), Қирғизистон Республикасига 25,4% (728,8 минг киши), Россияга 13,1% (375,7 минг киши), Туркманистонга 0,9% (24,5 минг киши) ташриф буюрган. 

Шунингдек, чет элга кетган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Туркияга (44,1 минг киши), Жанубий Кореяга (21,3 минг киши), БААга (13,4 минг киши), Саудия Арабистонига (10,0 минг киши), Хитой, Ҳиндистон ва АҚШ давлатларига (мос равишда 8,0, 6,9 ва 4,8 минг киши) ташриф буюрган. 

Ўзбекистон Республикасига келган чет эл фуқароларининг асосий сафар мақсадлари бу қариндошларни йўқлаш (72,2%). Кейинги ўринларда сайёҳлик мақсадида - 8,6%, транзит - 8,2%, даволаниш мақсадида - 1,0%, доимий яшаш мақсадида - 0,8 %, хизмат юзасидан ва ишлаш мақсадида - 0,8%дан, ўқиш ва тижорат мақсадида - 0,6%дан ва бошқа мақсадларда – 6,4%. 

Чет элга кетган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг асосий сафар мақсади қариндошларни бориб кўриш - 54,8% (1,5 млн киши). Кейинги ўринда эса ишлаш мақсадида – 31,0% (889,2 минг киши), сайёҳлик мақсадида - 3,6% (102,6 минг киши), доимий яшаш 3,3%, хизмат юзасидан – 0,9%, транзит – 0,8%, ўқиш мақсадида – 0,6%, даволаниш – 0,3%, бошқа мақсадларда 4,7%ни ташкил этади. 

2019 йил январь-март ойларида чет элга кетган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ёши бўйича тақсимланишидан кўриш мумкин, уларнинг 53,3% 31 – 55 ёшлилар, 31,2% 19 – 30 ёшлилар ва 11,3% 56 ёш ва ундан катталар ташкил этади. 

Top