21:16 / 25.04.2019
52328

Бокс бўйича Осиё чемпионати: Ўзбекистон медаллар сони бўйича нечанчи ўринда?

Нодиржон Мирзаҳмедов / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Бангкокда 19 апрельдан бошланган бокс бўйича Осиё чемпионатида ярим финал жанглари ортда қолди. Kun.uz мусобақанинг ҳал қилувчи баҳслари олдидан турнирга доир айрим фактларга тўхталиб ўтади.

Эркаклар ўртасидаги баҳсларда Ўзбекистон терма жамоасининг 10 аъзосидан 5 нафари финал йўлланмасини қўлга киритди, бу – барча жамоалар орасида энг яхши натижа.

Баҳодир Жалолов / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Финалда Қозоғистон ва Ҳиндистон термаларидан 4 нафардан вакил қатнашади, Жанубий Кореядан эса икки боксчи олтин медаль учун имкониятни сақлаб қолган. Яна бешта мамлакатнинг бир нафардан спортчилари ҳал қилувчи жангларда иштирок этади.

Финалчилар:
5 – Ўзбекистон
4 – Қозоғистон, Ҳиндистон
2 – Жанубий Корея
1 – Мўғулистон, Тожикистон, Иордания, Япония, Филиппин

Бронза медаллари:
3 – Қозоғистон, Ҳиндистон, Мўғулистон
2 – Қирғизистон, Хитой
1 – Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Иордания, Сурия, Япония, Филиппин

Санжар Турсунов / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Эркаклар ўртасидаги баҳсларда умумий медаллар сони бўйича биринчилик Қозоғистон ва Ҳиндистонга тегишли – ушбу мамлакатларнинг 7 нафардан боксчиси чемпионатни медаль билан якунламоқда. Ўзбекистонликлардан эса 6 вакил Осиё чемпионати совриндорига айланган.

Жами медаллар сони бўйича:
7 – Қозоғистон, Ҳиндистон
6 – Ўзбекистон
4 – Мўғулистон
2 – Қирғизистон, Иордания, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Филиппин
1 – Тожикистон, Туркманистон, Эрон, Сурия

Миразизбек Мирзахалилов / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Ўзбекистон терма жамоаси:
Финалчилар: Нодиржон Мирзаҳмедов (-49 кг), Миразизбек Мирзахалилов (-56 кг), Бобо–Усмон Батуров (-69 кг), Санжар Турсунов (-91 кг), Баҳодир Жалолов (+91 кг) 
Бронза медали соҳиби: Шукуржон Раҳимов (-60 кг)
Чорак финалчилар: Ҳасанбой Дўсматов (-52 кг), Шунқор Абдурасулов (-64 кг), Исроил Мадримов (-75 кг), Дилшод Рўзматов (-81 кг)

Бобо-Усмон Батуров / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Финал беллашувлари эртага, 26 апрель куни Тошкент вақти билан соат 11:00дан бошланади. Унда Ўзбекистон вакиллари қуйидаги рақибларга қарши рингга кўтарилади.

-49 кг: Нодиржон Мирзаҳмедов - Дипак (Ҳиндистон) 
-56 кг: Миразизбек Мирзахалилов - Кавиндер Сингх Бишт (Ҳиндистон) 
-69 кг: Бобоусмон Батуров - Севонретс Оказава (Япония) 
-91 кг: Санжар Турсунов - Хёнг Кю Ким (Жанубий Корея) 
+91 кг: Баҳодир Жалолов - Камшибек Конкабаев (Қозоғистон)

Қайд этиш керак, бу галги Осиё чемпионати илк маротаба эркаклар ва аёллар турнирларини бирлаштирган ҳолда ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 9та вазн тоифасида иштирок этди. Ушбу 9 спортчидан 3 нафари: Ёдгорой Мирзаева (-57 кг), Мафтуна Мелиева (-64 кг) ва Шаҳноза Юнусова (-69 кг) бронза медали соҳиби бўлишди.

Финал иштирокчилари (аёллар):
7 – Хитой
4 – Хитой Тайпейи
2 – Ҳиндистон, Вьетнам, КХДР
1 – Жанубий Корея, Филиппин, Таиланд

Бронза медаллари (аёллар):
4 – Қозоғистон, Мўғулистон, Ҳиндистон
3 – Ўзбекистон
2 – Хитой Тайпейи
1 – Хитой, КХДР, Вьетнам

Умуман, қитъа биринчилиги 34 мамлакатдан 304 нафар атлетни қамраб олиб (192 нафар эркак ва 112 нафар аёл боксчилар), бу борада рекорд кўрсаткични қайд этди. 34 терма жамоадан 18тасининг вакиллари совриндорлар сафидан жой олишди.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Эслатиб ўтамиз, ушбу Осиё чемпионати шу йил Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига ҳеч қандай йўлланма бермайди. Халқаро бокс федерациясининг янги тизимига кўра, жаҳон чемпионати ва Олимпиада учун алоҳида лицензион мусобақа ташкил қилинади. Қолаверса, ўтган йили AIBA томонидан Токио Олимпиадаси учун бокс баҳсларида янги вазн тоифалари жорий этилган.

Мадримов аламли мағлубиятдан кейин ҳаваскор боксдан бутунлай кетди. У энди Токио Олимпиадасига бормайди

Маълумот учун, ўзбекистонлик боксчилар 1995 йилдан бошлаб қитъа чемпионатида иштирок этиб келишади, ҳозиргача 4 марта (1999, 2002, 2007 ва 2017 йиллари) умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашган. Рекорд кўрсаткич 2017 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда 10та вазннинг 9тасида Ўзбекистон вакили олтин медалга сазовор бўлганди.

Top