07:33 / 26.04.2019
13908

Шимолий Корея америкалик талабани даволагани учун АҚШдан 2 млн доллар талаб қилган

Фото: Guo Yina / Globallookpress.com

Шимолий Корея АҚШ ҳукуматидан АҚШга кома ҳолатида қайтарилган ва кейинроқ вафот этган америкалик талаба Отто Вомбиерни даволаганлик учун 2 млн доллар талаб қилган. Бу ҳақда манбаларга иқтибос келтирган ҳолда The Washington Post нашри хабар берди. 

Ушбу ҳисоб талабани олиб кетгани Шимолий Кореяга 2017 йил июнда келган АҚШ вакили Жозеф Юнга берилган.  

Вомбиер 2016 йил январда Шимолий Кореяга саёҳати вақтида меҳмонхона деворидан сиёсий плакатни юлиб олган. Шимолий Корея олий суди талабани бу иши учун 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. У панжара ортида бош чаноғи-мия жароҳатини олиб, кома ҳолатига тушган. 2017 йил 13 июнда Вомбиер “инсонпарварлик нуқтаи назаридан” озод қилиниб, АҚШга оғир аҳволда топширилган. 

Нашр маълумотларига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп америкалик талабанинг АҚШга қайтарилиши бўйича музокаралар олиб борилганда Шимолий Кореянинг бу талабига рози бўлган. Шу билан бирга Шимолий Корея тақдим қилинган ҳисоб тўлаб берилгани ёки йўқлиги ҳақида маълумот йўқ. 

Ўз навбатида Вомбиернинг ота-онаси фарзандининг ўлими учун компенсация тўланиши талаби билан Шимолий Кореяга қарши даъво аризаси топширган.

Top