20:17 / 28.04.2019
20468

Йил фейр-плейи: Бьелса ўз жамоасининг баҳсли голидан кейин шогирдларига дарвозани очиб қўйишни буюрди

Чемпионшипнинг 45-турида «Лидс» ва «Астон Вилла» ўртасида кечган ўйин вақтида футболда кам кузатиладиган ҳолат рўй берди.

Ўйинда аввалига мезбонлар баҳсли вазиятда ҳисобни очишди - бу вазиятда майдон марказида «Астон Вилла» футболчиси жароҳат олиб майдонга йиқилгач, меҳмонлар тўп майдондан чиқариб юборилишини кутишди ва фейр-плейга амал қилмаган рақиб ҳужумга ўтаётганида ҳужумни тўхтатишга кечикди. Бу ҳужум эса Матеуш Клихнинг голи билан якунланди - бу вақтда ўйиннинг 72-дақиқаси ўтиб бораётганди. Меҳмонлар бу ҳолатдан кейин кескин норозилик билдиришди ва Клихга ташланишди. Бу тартибсизлик якунида ўйин бош ҳакам «Астон Вилла» ҳужумчиси Анвар Ал-Ғозийга қизил карточка кўрсатди.

Бу эпизоддан кейин «Лидс» бош мураббийи Марсело Бьелса ўз футболчиларига дарвозани рақибга очиб қўйиш ва улар эмин-эркин ҳисобни тенглаштириш имконини беришни буюрди.

Тўп майдон марказидан ўйинга киритилгач, мезбонлар турган жойидан қимирламади, фақат ҳимоячи Янссен мураббий қарорига бўйсунишни истамади ва охирги сонияларгача жамоаси дарвозаси ишғол этилишига қаршилик кўрсатди. Аммо Адома ҳисобни тенглаштиришни уддасидан чиқди.

Қайд этиш керакки, бу ўйиндаги ғалаба «Лидс» учун ўта зарур эди ва 3 очко қўлга киритилган тақдирда жамоа охирги тур олдидан 85 очко тўплаган ҳолда иккинчи ўриндаги «Шеффилд Юнайтед» (88 очко) билан АПЛга тўғридан-тўғри йўлланма учун рақобатни сақлаб қоларди. Аммо Бьелса АПЛ йўлланмасидан ҳалол ўйинни устун кўрди.

46-тур олдидан чемпионшип турнир жадвалидаги биринчи ва иккинчи ўрин эгалари «Норвич» (91) ҳамда «Шеффилд Юнайтед» (88) АПЛга йўлланма олишди. Чемпионшипнинг 3-6 ўринларида «Лидс» (83), «Вест Бромвич» (80), «Астон Вилла» (76) ва «Дерби Каунти» (70) жойлашган. Бу жамоалар плей-офф ўйинлари орқали АПЛнинг учинчи йўлланмаси учун кураш олиб боришади.

Top