19:36 / 01.05.2019
9556

Аёл спортчи Кастер Семеня организмидаги эркаклар гормони миқдорини туширишга мажбур қилинди

Фото: EPA

Жанубий африкалик югурувчи Кастер Семеня Қатардаги чемпионатга қўйилиши учун организмидаги тестостерон миқдорини туширишига тўғри келади.

Спорт арбитраж суди (CAS) Халқаро енгил атлетика федерациялари уюшмасининг (IAAF) тестостерон миқдори юқори бўлган аёл спортчиларга қаратилган қоидаси бўйича Семенянинг шикоятини қондирмади. Спорт арбитраж суди IAAF’нинг бу чорасини таҳқирловчи деб топган, бироқ уни кучда қолдирган.

2019 йил февралда IAAF жинсий ривожланишида ўзига хос жиҳатларга эга аёл спортчиларга мусобақалаша олишлари учун дори воситалари ёрдамида организмларидаги эркаклар жинсий гормони – тестостерон миқдорини камайтиришни таклиф қилган. Семеня эса бунга рози бўлмай, CAS’га шикоят қилган.

Спортчи 800 метрга югуриш бўйича икки карра Олимпия чемпиони ҳисобланади. У эркакларга хос гавда тузилиши ва паст овозга эга бўлгани сабабли аёл эканлигини исботлаш учун тестдан ўтишига ҳам тўғри келган.

Top