00:37 / 18.05.2019
4988

Қозоғистон инновацион лойиҳаларга қарийб 40 миллион доллар инвестиция киритди. Иқтисодиёт бундан 578 миллион доллар фойда кўрган

Қозоғистон ҳукумати 2018 йилда инновацион лойиҳаларга жами 37.3 млн.АҚШ доллари сарфлади. Биргина IT-стартапларга 4 млн.АҚШ доллари ажратилди. Бундан миллий иқтисодиётга 578 млн.АҚШ доллари миқдорида фойда келди. Бу ҳақда Интернетни бошқариш бўйича 4-Марказий Осиё форумида қозоғистонлик эксперт Камила Амржан ўз нутқида келтириб ўтди.

«Республикада инновацион тизимни юқори босқичга олиб чиқиш бўйича «Рақамли Қозоғистон»  давлат дастури ишлаб чиқилди. Унда асосан инсон капиталини ривожлантириш,тўлиқ электрон ҳукумат тизимига ўтиш каби муҳим вазифалар белгиланган. Малакали IT-мутахассиcлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилмоқда. 2017-2018 йилларда 22.8 минг нафар кадр етишиб чиқди. «Электрон ҳукумат»  бўйича эса салкам 8 млн. аҳоли ўқитилди. Инновацион стартапларни ишлаб чиқишга мўлжалланган алоҳида марказ – АСТАНА ХАБ очилди. 2018 йил 6 ноябрда фаолиятини бошлаган муассасадаги лойиҳаларга 480 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди. Электрон ҳукумат жабҳаси ҳақида гапирилганда, 2018 йилда давлат хизматларининг 67.3 фоизи (752 тадан 506 таси) электрон тарзда амалга оширилди. Бунинг натижасида хизматлар муддати 40 фоизга камайди. 2019 йилда давлат хизматларининг 80 фоизи электронлаштирилади. Айни вақтда 8.4 млн. аҳоли eGov порталидан фойдаланиб келмоқда. 2018 йил якунларига кўра, АКТда 42 мингта доимий иш ўрни яратилди» , - дея ахборот берди.

Форумда Марказий Осиё, МДҲ, Европа мамлакатларидан 200 га яқин мутахассислар қатнашди. Унда интернетни бошқаришда мустаҳкам қонунчилик базасини яратиш, электрон ҳукумат тизимида фуқароларнинг шахсий маълумотлари хавфсизлиги ва бошқа муҳим масалалар муҳокама этилди. Хорижлик экспертлар Марказий Осиё мамлакатлари кибер хавфсизликни таъминлашда анча суст ҳаракат қилаётганлигини алоҳида таъкидлашди.

Интернетни бошқариш бўйича 4-Марказий Осиё форуми Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги офиси ва Қирғизистон Республикасининг «Интернет сиёсатининг фуқаролик ташаббуси»  жамоат фонди, ICAAN, Internet Society, RIPE NCC, Facebook, Касперский лабораторияси, IGFSA, UZTELECOM ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўтказилди.

Top