14:43 / 21.05.2019
3570

Мирослав Лайчак: Ўзбекистоннинг ЕХҲТ Парламент ассамблеяси тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида иштирок этиши муҳим

Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Словакия Республикаси ташқи ишлар ва Европа ишлари вазири Мирослав Лайчак билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Фото: Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати

Учрашувда Ўзбекистон ва Словакия Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорликни, шу жумладан парламентлараро алоқаларини, шунингдек Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан ўзаро ҳамкорлигини, шу жумладан ЕХҲТ Парламент ассамблеяси доирасидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама этилди.

Фото: Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати

Томонлар Ўзбекистон ва Словакиянинг савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда, шунингдек парламентлараро мулоқотни фаоллаштиришда икки томонлама ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Ўзбекистоннинг ЕХҲТ ПА тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида иштирок этиши муҳимлиги таъкидланди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг ундаги доимий делегацияси фаолият кўрсатмоқда. ЕХҲТ ва унинг институтлари билан ҳамкорлик турли даражаларда амалга оширилиши ва кенг кўламдаги масалаларни қамраб олиши қайд этилди.

Тошкентда Ўзбекистондаги ЕХҲТ лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ЕХҲТ лойиҳалари хавфсизлик, барқарор иқтисодий-экологик ва ижтимоий тараққиёт соҳаларида республика муассасаларининг институционал имкониятларини ривожлантиришда уларга техник кўмак беришга қаратилган. 2007–2017 йилларда умумий миқдори 12 млн. евродан зиёд 150 дан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда қиймати деярли 4 млн. евро бўлган 20 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Учрашув якунида томонлар бундан буён ҳам Ўзбекистонинг Словакия Республикаси, шунингдек ЕХҲТ тузилмалари билан икки томонлама ҳамкорлигининг мавжуд салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишга тайёр эканини билдирдилар.

Top