17:55 / 23.05.2019
105016

«Халққа арзон гўшт етказиб бераман деб 1 миллиарддан ошиқ зарар кўрдим, ҳам жиноятчи бўлдимми?» Фарғоналик фермер шикояти

Kun.uz сайтида аҳолига арзон гўшт сотиш эвазига арзонлаштирилган нархда ем-хашак олишга ваъдалар берилган фермерлар тушиб қолган ҳолат ҳақида олдин ҳам танқидий мақола эълон қилинганди. Бу сафар айнан шу дардда юрган бошқа бир фермер, қўқонлик Элмурод Рўзиқуловнинг ҳасратларига қулоқ тутдик. Бу фермер ҳам вилоят ҳокимлигининг талаби билан Фарғона бозорларида аҳолига арзон нархларда гўшт сотган.

«Фарғона вилоятининг Қўқон, Данғара ва Фарғона шаҳарларида арзонлаштирилган нархларда жами 130 тонна гўшт сотдик. Ҳар бир килограммидан ўртача 8 минг сўмдан зарар кўрдик. Арзон нархларда сотилган ҳар бир килограмм гўшт эвазига 10 килограммдан шрот ва 10 килограммдан арзонлаштирилган нархларда шелуха маҳсулотлари беришни ваъда қилишганди. Ҳатто, бозорга машинада емларни олиб келиб тўкиб ҳам қўйишди, “ким арзон нархда гўшт сотса, шу жойнинг ўзида тортиб берамиз” дегандек гўё.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Биз аслида 51 гектар чорва ер сотиб олганмиз. Кейин бизни ерни ҳоким олиб қўйиб, чўлдан ер берди. Бизнинг ерлар эса пахта-ғаллага ўтказилди. Кейин, мақбуллаштириш чиқиб, бу еримиздан ҳам қуруқ қолдик. Пахта-ғалланинг режаларини доим бажариб келганмиз. Чўлдан берилган ерда эса қандай қилиб чорва кўпайтирамиз, шунга ҳайронман. Арзон нархда ем ваъда қилишгани учун шу ишга киришган эдик. Чорвага ем етишмагач, барча қорамолларни сотиб тугатдик. Бир кунда 2 тонна сут олардим. Германиядан олиб келинган наслли қорамолларим бор эди. Қассобларга ва ишчиларга ойлик тўлашнинг ўзи бўлмаган. Ҳар бир кило гўштдан 8 минг сўм, бошқа харажатлар билан 10 минг сўмгача зарар кўрдим. Жами 1 миллиард 300 миллион сўмгача зарарга кирдим. Фарғона вилоят ҳокимлигининг йиғилиш баёни тасдиқланган. Ҳар сотган гўштим учун далолатномалар мавжуд. Ваъда берганлар энди тескари қарашяпти.

Чорва молларим қолмаганини айтсам, ҳокимликдагилар «шерикларимдан олиб туриб, улар билан биргалашиб ишлашим кераклиги»ни айтишмоқда. Шерикларга, чорва олди-сотдиси билан шуғулланувчиларга илтимос қилдим. «Келинглар, халқ учун экан. Ҳозирча 26 минг сўмдан олинади. Ем чиқса қолгани бўлади», деб айтибман. Ем чиқмаганига энди улар менинг устимдан ёзишган шекилли, прокурор, терговчилар ҳозирда мени жиноятчига чиқариб қўйишган. Лекин мен ҳаммасини далиллар билан исботлаб бера оламан.

Мен сўрайдиганим шуки, ёки ўша емларни беришсин ёки зарарларимни қоплашсин», дейди чорвадор.

Ўз вақтида юзлаб қорамоллар боқилган ушбу ферма ҳудуди ҳозирда деярли бўшаб қолган.

Фермернинг иш бошқарувчиси, Аслиддин Кенжаев билан гаплашдик.

«Хўжалик раҳбари Э.Рўзиқулов бу ерни 100 бош қорамол ва 51 гектар ери  билан сотиб олган эди. Ер қарамоғига ўтгандан кейин бир йил ўтар-ўтмас пахта майдони учун ҳокимликдан олиб қўйилди. Шу сабабли, қорамол боқишда қийинчиликлар туғилди. Қорамоллар сонини 300тага етказгандик. Голландия, Беларусь, Россия каби давлатлардан келтирилган қорамоллар эди. 100таси шохли, 100таси шохсиз қорамоллар эди. 30-40 нафарга яқин ишчи ишларди. Энди ҳаммаси тарқаб кетди. Арзонлаштирилган нархда гўшт сотиш оқибатида шу аҳволга келдик. Агар ўша емларни бериб бизга имконият беришса эди, ишни яна қайтадан бошлардик», дейди иш бошқарувчиси.

Ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Қўқон шаҳри ҳокимлигида бўлиб, ҳокимлик матбуот хизмати раҳбаридан бу масала Фарғона вилояти ҳокимлигидаги йиғилиш баённомасига асосан ҳал этилишини маълум қилди.

Шундан сўнг, Фарғона вилоят ҳокимлигида бўлиб, вилоят ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги котибияти 1-тоифали мутахассиси Достон Зокиров билан суҳбатлашдик.

«Бизнинг баённомада фермерлар рўйхати тузиб чиқилган. Ушбу тадбиркорнинг фермер хўжаликлари ва хусусий корхоналари бу рўйхатда йўқ. Гапнинг очиғи, бу одамни хавфсизлик органлари суриштиришяпти. У ўзининг чорвасини сотмаган. Бошқа чорвадорларнинг маҳсулоти эвазига ем олмоқчи бўлган», дея жавоб берди вилоят ҳокимлиги вакили.

Қизиқ ҳолат. Чорвани қимматга олиб арзонга сотиб, бир кун келиб ҳокимлик берадиган емдан фойда олмоқчи бўлган тадбиркор - «ёнғоқнинг шақир-шуқурига ишқибоз» одамдек кўринади.

Масалани ойдинлаштириш учун яна тадбиркорга юзландик.

«Менга ҳокимият вакиллари чиқиб арзон нархда гўшт сотишимни айтишган. Ўзингда бўлмаса ҳам бошқалардан олиб тур дейишган. Ҳокимлик айтган гапга ишониб, халққа хизмат қилсам, арзон гўшт сотиб зарарга кириб кетсам-у энди жиноятчига ҳам чиқдимми, адолат борми ўзи?», дейди у сотган гўштлари бўйича ҳужжатларни тақдим этаркан.

Бу вазиятга бирёқлама қараш ниятимиз йўқ. Лекин мантиқан фикрласак, бир фермер чорвани сўйиб, арзондан сотишни ҳавасга қилмаса керак? Фермерга берилган далолатномалар-чи? Қонуний кучи йўқ бўлса, нега ёзиб берилганди?

Шундай мавҳумликлар билан ортга қайтдик. Агар фермер жиноятчи бўлса, одатий жиноятчилар каби фойда олиш учун эмас, зарарга кириш учун жиноят қиладиган «ноёб» жиноятчи бўлиб чиқади.

Баҳодир Аҳмедов – мухбир

Муҳаммаджон Ғаниев – тасвирчи

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top