20:11 / 24.05.2019
35086

Алихонов: тахминан 40 йилда нефть, 50-60 йилда газ, 100 йилда кўмир захиралари тугайди 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонунга мувофиқ, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди. 

Kun.uz қонун лойиҳаси устида бевосита иш олиб борган Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари - Экоҳаракат депутатлик гуруҳи раҳбари, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Ислом Хушвақтов билан мулоқотда бўлиб, қонуннинг тайёрланиши ва у очиб бераётган имкониятлар ҳақида маълумотга эга бўлди. Қуйида депутатларнинг фикрлари ҳавола этилади. 

Kun.uz: Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия соҳасини ривожлантириш қанчалик керак?

Борий Алихонов: «Ўзбекистонда қайта тиклануви энергияни ривожлантириш тўғрисида»ги қонунга имзо чекилди. Қонун қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Энергетика ҳар қандай иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланади, шу боис энергетика соҳасини диверсификация қилиш долзарб масаладир. Нефть, газ, кўмир энергетиканинг асосий манбаларидир. Ҳозирда йилига 12 млрд тонна энергия манбалари қазиб олинмоқда. Аммо келгуси тахминан 40 йилда нефть, 50-60 йилда газ, 100 йилда кўмир захиралари тугайди. Шу боис муқобил ёки қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш муҳим. Етакчи давлатларда қуёш, шамол, сув, геотермал энергиядан фойдаланмоқда. Булар умумий энергетик салоҳиятнинг 20 фоиздан кўпроғини ташкил этади.

Ўзбекистон йилига 182 млн тонна нефть эквивалентига тенг қуёш энергиясига эга. Мамлакат ҳар йили 60-65 тонна нефт эквивалентига тенг энергияни истеъмол қилаётган бўлса, бу талабга қараганда 3 ҳисса кўп таклиф бор, дегани. Умумий ҳисобда эса қуёш 51 млрд тонна нефть салоҳиятига эга.

Анъанавий усулда узоқ ҳудудларга энергия узатишда 30-35 фоиз йўқотиш бўлади. Шунингдек, қазиб чиқариш жараёни ҳам иқтисодий, ижтимоий ва экологик зарар туғдиради. Қуёш энергияси эса экологик тоза маҳсулот ҳисобланади.

Ҳозирда бутун дунёда яшил иқтисодиётни ривожлантириш ғояси илгари сурилмоқда. Бу табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик тоза технологияларни қўллаш асосида иқтисодиётни ривожлантиришни назарда тутади. Ўзбекистон иқлимни муҳофаза қилиш ҳақидаги Париж конвенсиясини ратификация қилди. Бу ҳужжатнинг иссиқхона газларини камайтириш деган қисми мавжуд, бунга эса қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш орқали эришиш мумкин.

Kun.uz: Қайта тикланувчи энергия турларини ривожлантириш борасида Ўзбекистоннинг қўшни МДҲ давлатларига нисбатан аҳволи қандай? Қабул қилинган қонун вазиятни қанчалик ўзгартиради?

Ислом Хушвақтов: МДҲ давлатларида шу мазмундаги қонун амалда ва ишлаяпти. Бизда шу кунга қадар бу қонуннинг мавжуд эмаслиги соҳанинг ортда қолишига сабаб бўлаётган эди. Уни яратишда халқаро тажрибадан фойдаланилди, маҳаллий омиллар ҳам инобатга олинди. Хусусан, энергия ишлаб чиқарувчиларнинг локал тармоқ орқали умумий блокка уланиши бошқа қонунчиликларда учрамайди. Тоғли ҳудудларда аҳолининг кичик ГЭСлар орқали ҳам ўзининг, ҳам яқин атрофдаги аҳолининг эҳтиёжини қондираётгани бунга асос бўлди.

Бизда Физика-қуёш институти мавжуд. Уларнинг қуёш энергияси бўйича бутун дунё тан олган тадқиқотлари бор. Учта олий ўқув юрти худди шу соҳа учун кадрлар тайёрлайди. Демакки, бу соҳани ривожлантириш учун нафақат иқтисодий, балки илмий салоҳият ҳам мавжуд.

Kun.uz: Қабул қилинган қонун ҳаволаки, яъни номига киритилган, амалда ишламайдиган моддалардан қанчалик холи?

Б.А: Қонун ҳажман кичик, 27та моддадан иборат бўлса ҳам, тўғридан тўғри, яъни ҳеч қандай қонун ости ҳужжатларисиз ишлайдиган моддалардан иборат. Қонун халқаро институтлар экспертизасидан ҳам ўтган.

Қонунда энергия ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқчи бўлганлар умумий блогга ҳеч қандай тўсиқсиз уланиши имконияти белгиланган. Жисмоний шахслар хонадонларига қуёш панеллари, шамол генераторини ўрнатишса, 10 йилгача мулк солиғидан озод қилиниши кўрсатилган. Шунингдек, муқобил энергия ҳамда уни ишлаб чиқариш учун керакли техникани ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар мавжуд.

Интервьюни тўлиқ қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Видео: Youtube

Top