12:31 / 30.05.2019
8080

Илҳом Алиев «Каспий нефть ва гази» кўргазмасида «Ўзбекнефтгаз» стендига ташриф буюрди

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот-хизмати

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Каспийбўйи минтақасининг энергетика соҳасидаги йирик тадбири — «Каспий нефть ва гази - Caspian Oil and Gas» (Озарбойжон) 26-халқаро кўргазмасида ўз стенди билан иштирок этяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги хабар берди.

Ҳар йили мазкур форумда юқори даражадаги раҳбарлар йиғилиб, Каспий минтақасидаги энг муҳим нефть-газ лойиҳаларини ҳамда энергетика хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қиладилар. Мазкур тадбирда «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Саидов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этяпти.

Caspian Oil and Gas кўргазмасининг тантанали очилиш маросимида Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев иштирок этди ва нутқ сўзлади. Давлат раҳбари кўргазма экспозициялари, жумладан Ўзбекистоннинг нефть-газ соҳасига бағишланган стенди билан ҳам танишди. 

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Саидов Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиевга кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдириб, Озарбойжоннинг SOCAR давлат нефть компанияси иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш, нефть-газ соҳасида ўзбек-озарбойжон муносабатлари барқарор ривожланиб бораётганини таъкидлади. 

Учрашувда 23-халқаро кўргазма ва «Ўзбекистон нефть ва гази OGU-2019» конференцияси доирасида «Ўзбекнефтгаз» АЖ, SOCAR давлат нефть компанияси ҳамда BP ўртасида Устюрт ҳудудида илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда учта инвестицион блок бўйича қидирув ишларини баҳолаш юзасидан уч томонлама шартнома имзолангани таъкидланди. 

Шунингдек, SOCAR'нинг бўлими - «НИПИ НЕФТЕГАЗ» МЧЖ билан ҳам шартнома имзоланган. Ҳужжатда мамлакатнинг Ғарбий Тошли ва Шарқий Тошли, Шимолий Шўртан ва Гармистон конларида SOCAR компаниясининг илғор технологиялари ва услубидан фойдаланган ҳолда углеводород бойликларини қазиб олиш бўйича ҳамкорлик шартлари белгилаб берилган. 

Бундан ташқари, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва SOCAR компанияси ўртасида соҳага мутахассислар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, нефть-газ соҳасидаги олимлар ўртасида тажриба ва кўникмаларни ўртоқлашиш борасида қалин ҳамкорлик ўрнатилган. 

Мулоқот якунида Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев «Ўзбекнефтгаз» АЖ делегациясига Caspian Oil and Gas кўргазмасида самарали иштирок этиш, янги алоқалар ва истиқболли лойиҳалар бўйича муваффақиятлар тилади.

Top