18:10 / 30.05.2019
24561

«Оқ соқолли устоз». Бўз туманида бокс тўгараги очиб, болаларни шуғуллантираётган 70 ёшли отахон ҳақида

Баъзида кўриб турган нарсага қараб ўзингиз ишонмайсиз. Тасаввур қилинг, 70 ёшга кирган ота. Бу ёшда одам ўз қаддини тик туриб юриши, югуриши, фаол ҳаракат қилиши ноодатий ҳол.

Андижон вилояти, Бўз тумани, «Ғолиб» қишлоғида яшовчи Шермуҳаммад ота қилаётган ишлар билан танишиб, ҳайратдан ёқа ушладик.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Кўксидаги оппоқ соқоли ярашиб турган 70 ёшли фахрий - Эшматов домлани ўз қишлоғидаги 6-сонли умумтаълим мактаби спорт майдончасида маҳалла болалари билан машғулот ўтаётганида учратдик. У 25-30 чоғли ўқувчи билан зарбалар устида ишлаётган экан.

Дарсга халақит бермай 20 дақиқа майдон четида жараённи кузатиб турдик. Отанинг ёш йигитлардек чаққон ҳаракат қилиши, шижоати таҳсинга, ҳайратга лойиқ.

«50 йил мактабда адабиёт ўқитувчиси бўлиб ишладим. Ҳозир ёшим 70да. Нафақага чиққанман. Спортга ёшлигимдан меҳр қўйганим учун ундан узоқлаша олмадим. Эътибор берсам маҳалла болаларида спортга боксга қизиқиш катта. Ўзим бокс билан узоқ йиллар давомида шуғулланганим учун, кўчада болаларни тўплаб, очиқ ҳавода машғулот ўта бошладим. Аввалига ўғлимнинг чекида (Андижонда уй қуриш учун берилган ер майдони «чек» дейилади) шуғулландик. Аста-секин болалар сони кўпайиб кетди. Чекка сиғмай қолдик. Мана 6-сонли умумтаълим мактаби шароит қилиб берган. Мактабда болаларга бокс сирларини ўргатяпман. Болаларнинг спортга қизиқишини эса ўзингиз кўриб турибсиз. Жуда катта интилиш бор уларда. Натижаларимиз ҳам ёмон эмас, шогирдларим вилоят биринчиликларида ғолиб бўлишяпти. Тўгарагимизга қизларимиз ҳам келиб шуғулланади. Улар орасида ҳам вилоят чемпионати совриндорлари бор.

Баландпарвоз гаплардан йироқман. Лекин мен болаларга уришишни эмас, балки ўз танаси ва руҳияти тарбия топиши кераклигини уқтираман. Кўча-кўйда бекор вақт ўтказганидан спорт, илм билан шуғулланган яхши», дейди ота.

Отанинг чаққон ҳаракатланиши, энергияси 40-45 ёшли кишиларни эслатади. Ўқувчилари унинг айтганларини сўзсиз бажараётгани унинг болалар ўртасида ҳурмати жуда баланд эканлигидан далолат.

Мактаб директори Маҳлиёхон Бегназарова ота ва унинг тўгараги ҳақида сўзлаб берди.

«Ҳар куни ишдан қайтаётганимда отанинг болалар билан югуриб, шуғулланаётганини кўриб, кузатиб юрдим. Кейин орқаларидан борсам, устозимиз ўз ўғлининг чекида ҳар хил ёғочлардан ринг ясаб, тепасини салафан билан ёпиб, қўлбола машғулот зали пайдо қилибди. Домла бизга адабиётдан дарс берганлар. Болалар билан астойдил машғулот ўтаётган домла билан узоқ суҳбатлашиб ўтириб, отага, «Мактабимизга келиб, менинг ўқувчиларимни ҳам ўз шогирдларингизга қўшиб шуғуллантиринг», деб илтимос қилдим. Домла рози бўлди. Ҳозир мана шароитларни ўзимиз қиляпмиз. Ринг келтирдик. Оппоқ соқолли, нуроний домла-мураббий билан мактабимизга ўзгача файз кирди», дейди у.

Турли вазирликлар, жамоат ташкилотлари, «Ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказиш, уларни ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида», деган шиорлар билан кўплаб лойиҳалар ташкил қилишади. Ёшлар ўша тадбирларда номига қатнашишади.

Бўзда эса бошқача... Оқсоқол мураббий ва унинг шогирдлари ана шундай қарорларни чин дилдан ўз хоҳиши билан ташкил қилишган. Мақсадлари ҳам аниқ, соғлом ва ақлли бўлиш.

Ўтган ҳафта, айнан мана шу 6-мактабда Олимпия чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг бокс мактаби иш бошлади.

Энди 30-35 ёшга кириб, «Спорт билан шуғуллангани вақт йўқ. Семириб кетяпман. У ерим оғрийди, бу ерим носоғ», дейдиган ёшлар андижонлик Шермуҳаммад отани кўриб ўрнак олсинлар. 70 ёшга кирган ота, баъзи қорин солган йигитлардан бақувват ва эпчил.

Киночилар, адиблар «Бугуннинг қаҳрамони» прототипини топиш қийин», дейишади. Бўзга келинг. Бугуннинг асл қаҳрамони ҳам мана шу – Шермуҳаммад ота бўлса керак.                                                     

Элмурод Эрматов, Андижон
Kun.uz мухбири
Тасвирчи: Аҳрорбек Ёқубжонов

Top