19:18 / 03.06.2019
12426

Қўмита вакили: «Айрим халқаро ташкилотлар «миссионерлик» ва «прозелитизм» тушунчаларини қонун матнидан олиб ташлашни таклиф қилишмоқда»

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда қонун бўйича дин вакиллари учун диний бағрикенглик қай даражада таъминланган, соҳадаги ислоҳотлар, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун ҳамда «миссионерлик» ва «прозелитизм» ҳақида соҳа мутахассиси Дин ишлари бўйича қўмитаси бўлим бошлиғи Беҳзод Муҳсинович Қодиров билан суҳбатлашдик.

-        Ўзбекистонда дин вакиллари учун диний бағрикенглик қай даражада таъминланган?

-        Ўзбекистон кўп миллатли ва кўп динли бўлган дунёвий давлат ҳисобланиб, асосий қонунимиз - Ўзбекистон Республикаси конституциясида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон исталган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалиги ҳамда диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Мазкур асосий тамойилга асосланган ҳолда олиб борилаётган давлат сиёсати орқали юртимизда тинчлик ва осойишталик ҳукм суришига, бирор дин бошқасидан устун қўйилмаслигига эришилмоқда. Бугунги кунда Республика бўйича 16 хил диний конфессия тенг ҳуқуқлилик тамойили асосида фаолият олиб бораётган бўлиб, уларга, катта-кичиклиги ёки кенг тарқалганлигидан қатъи назар, бир хил муносабатда бўлинади.

Динлараро тотувликка эришилишининг асосий сабаби юртимизда асрлар давомида ҳукм суриб келаётган диний бағрикенглик тамойилининг мавжудлиги бўлиб, бугунги кунда бизнинг саъй-ҳаракатларимиз ҳам айнан мазкур диний бағрикенглик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ҳисобланади.

16 ноябрь куни ЮНЕСКО томонидан «Халқаро бағрикенглик куни»

деб эълон қилинган. Ўзбекистон ҳам халқаро ҳамжамиятнинг ажралмас

қисми сифатида мазкур ҳаракатнинг йўлбошчиларидан ҳисобланади.

Мана бир неча йилдирки, республикамизда мазкур кунга бағишланиб

турли халқаро анжуманлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказиб

келинмоқда.

Худди шу воқеликнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси

Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг

2017 йилда бўлиб ўтган 72-сессиясида «Маърифат ва диний

бағрикенглик» резолюциясини қабул қилиш зарурлиги хусусида фикр

билдирилган бўлиб, мазкур таклиф дунёнинг 50дан зиёд

мамлакатларининг таклифига биноан 2018 йилнинг декабрь ойида бир

овоздан қабул қилинди.

-        Ҳукумат томонидан дин соҳасида янги ислоҳотлар амалга оширилиши режалаштирилганми?

-        Ҳукуматимиз мамлакатда диний эркинликларни кенгайтириш йўлидаги ислоҳотни давом эттириб бориб, мамлакатдаги дин эркинлигига оид хавотирлар, давом этаётган ислоҳот йўлида халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги масалаларни очиқча муҳокама қилишни йўлга қўйди. 2018 йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг 2017 йилнинг октябрь ойидаги Ўзбекистонга сафари ва 2018 йилнинг февраль ойидаги тавсияларига бевосита жавоб сифатида дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш йўлидаги махсус «Йўл харитаси»га оид қўшма қарор қабул қилинди.

«Йўл харитаси» бандларининг бажарилиши доимий назорат остида бўлиб, Олий Мажлис томонидан тузилган махсус комиссия муттасил равишда даврий ҳисобот тингловларини амалга ошириб келмоқда. Мазкур йиғилишларга нафақат республикада фаолият олиб бораётган давлат ва жамоат ташкилотлари, диний ташкилотлар вакиллари, балки, Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган хорижий дипломатик ваколатхоналар ходимлари ҳам таклиф қилиниб, келгусида қилиниши лозим бўлган масалалар юзасидан муҳокамалар ўтказилмоқда.

Бу йўналишдаги фаолиятнинг узвий давоми сифатида бугунги кунда дин масалаларини ёритишга бағишланган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш устида иш олиб борилаётганини кўрсатиб ўтиш лозим бўлади.

-        Баъзи халқаро ташкилотлар томонидан «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунда кўрсатиб ўтилган баъзи салбий ҳолатлар - «миссионерлик» ва «прозелитизм» тушунчаларининг қонун матнидан олиб ташланиши таклиф қилинмоқда. Бу масалага қандай фикр билдирасиз?

-        Юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган тизимли ўзгаришлар баъзи бир хорижий мамлакатлар ҳамда инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар томонидан бир хил қабул қилинаётгани йўқ.

Ҳақиқатан ҳам айрим халқаро ташкилотлар томонидан ҳозирда

амалда бўлиб турган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар

тўғрисида»ги қонунда кўрсатиб ўтилган баъзи салбий ҳолатлар –

«миссионерлик» ва «прозелитизм» тушунчаларининг қонун матнидан

умуман олиб ташланиши зарурлиги таъкидлаб келинмоқда.

Аммо, афсуски, мазкур таклиф берувчилар БМТ Бош Ассамблеяси

томонидан 1948 йил 10 декабрь куни қабул қилинган «Инсон

ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»нинг 29-моддасида қайд этилган

«Ҳар бир инсон ўз ҳуқуқи ва эркинликларидан фойдаланишда

ўзгаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари демократик жамиятда

етарли даражада бўлишини ҳамда ҳурмат қилинишини

таъминлаш, ахлоқ, жамоат тартиби, умум фаровонлигининг

одилона талабларини қондириш мақсадидагина қонунда

белгиланган чекланишларга риоя этиши керак», деган тамойилни

умуман унутиб қўймоқдалар.

Юқоридаги ҳуқуқий меъёрнинг келтиришидан асосий мақсад шуки,

«миссионерлик» ва «прозелитизм» билан шуғулланиб келаётган баъзи

бир расмий фаолият олиб бораётган ноисломий диний ташкилотлар,

шунингдек, ноқонуний фаолият олиб боришга интилаётган ноисломий

диний гуруҳлар аъзолари ўз фаолиятлари билан юртимизда ҳукм

сураётган тинчлик-тотувлик ва осойишталикка раҳна солиб, эр-хотин,

ака-ука, ота-она ва болалар, қариндош-уруғ, ёру-биродарлар орасига

нафақат совуқчилик тушиши, балки душманлик ва адоват уруғи

ҳам сочилишига сабабчи бўлмоқдалар, бу ҳолат, эса охир-оқибатда,

жамиятнинг ҳам пароканда бўлишига олиб келади.

-        Биздаги маълумотларга кўра, бир неча халқаро ташкилотлар диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишда маҳалла томонидан берилиши лозим бўлган кафолат хати тўғрисидаги талабни қонун матнидан олиб ташлашни исташмоқда. Бу гапда жон борми?

-        Ростдан ҳам юртимизда халқимиз билан асрлар давомида чамбарчас

боғлиқ бўлиб келаётган «маҳалла» институти баъзи бир

«дўстларимиз» учун ортиқча бўлиб кўринмоқда. Аслида эса, бугунги

кун воқелиги шундан далолат берадики, баъзи бир юртимиз учун

ноанъанавий бўлган ноисломий диний гуруҳлар қонунчилик қонун

қоидаларини айланиб ўтган ҳолда бир амаллаб давлат рўйхатидан ўтиб

олиш ниятида юрибди. Айнан шу гуруҳлар учун ҳам маҳалла

фаоллари томонидан уларнинг фаолият юритишига рад жавоби

берилиши улар томонидан гуёки «инсон ҳуқуқларининг бузилиши»

сифатида талқин этилмоқда.

Ваҳоланки, улар маҳалла қўмиталари томонидан билдириладиган ҳар

қандай муносабат бу бирор фуқаро ёки гуруҳнинг эмас, балки шу

маҳаллада доимий истиқомат қиладиган барча фуқароларнинг,

уларнинг қайси дин ёки эътиқодга амал қилишидан қатъи назар,

хоҳиш-иродалари эканлигини буткул унутиб қўймоқдалар, ёки бўлмаса,

ўзларини билмасликка олмоқдалар.

Мазкур гуруҳлар томонидан «маҳалла қўмитаси давлат рўйхатидан

ўтишга тўсқинлик қилмоқда» деган уйдирмаси ҳақида гапириб ўтиш

ҳам шарт бўлмаса-да, бугунги кундаги ҳолат билан таништириб

ўтишни лозим деб ҳисоблаймиз.

Жумладан, сўнгги икки йилни мисол қилиб оладиган бўлсак,

Республика бўйича жами 20та янги диний ташкилот давлат

рўйхатидан ўтказилган бўлиб, шундан 17таси исломий, 3таси эса

христианликнинг турли йўналишларига тааллуқли бўлган диний

ташкилотлардир. Бу ҳолат юқорида айтиб ўтилганидек, ҳеч бир

диннинг бошқасидан устун қўйилмаслиги, ҳар бирига бўлган

муносабат бир хиллигидан далолат беради.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 31 майдаги 409-сонли қарори билан юртимизда диний

ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказишда қатор енгилликлар

белгилаб берилган.

Тўғри, олиб борилаётган турли хил сўровлар натижаларига кўра,

бугунги кунда юртимизнинг деярли балоғат ёшига етган барча аҳолиси

тегишли диний ташкилотлар томонидан қамраб олинган. Лекин, шунга

қарамай, диндорлардан келиб тушаётган мурожаатлар кўриб чиқилиши,

ҳудудларда яна янги диний ташкилотларга бўлган эҳтиёж доимий

равишда ўрганиб келинмоқда.

Юқорида баён этилган фикрларнинг барчаси юртимизда динлараро

бағрикенглик ва миллатларо тотувликни кўз қорачиғидек асраб

авайлаш, шунинг билан бирга, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги

мавқейини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро муносабатларни кучайтириш

йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ишларнинг дебочаси деб атаса

ҳам бўлади.

Зафарбек Солижонов суҳбатлашди

Top