11:50 / 06.06.2019
22284

Маъмурият: Ашхобод сайилгоҳида ҳеч қандай фавқулодда вазият юзага келгани йўқ

5 июнь куни интернетда дўл аралаш кучли ёмғир вақтида Тошкентдаги «Ашхобод» паркида юзага келган ҳолат тасвирланган видео тарқалди ва бунга фавқулодда ҳолат деб баҳо берилди. Парк маъмурияти вазият бўйича изоҳ берди.

«5 июнь куни пойтахтимиз аҳолиси Рамазон Ҳайит айёмини нишонлаш ҳамда яқинларига шодлик бахш этиш учун Ашхобод сайилгоҳига ташриф буюрди. Ҳавонинг кескин ўзгариши, кучли шамол ва ёмғир туфайли очиқ ҳавода оммавий сайиллар тўхтатилди. Сайилга чиққан меҳмонлар эса байрамни нишонлашни давом эттириш учун турли кафе ва фудкортларга йўл олишди. 

Айтиш лозимки, ҳавонинг ўзгариши натижасида Ашхобод сайилгоҳида ҳеч қандай фавқулодда вазият юзага келгани йўқ. Сайилгоҳ меҳмонлари махсус тайёргарликдан ўтган парк ходимлари ёрдамида навбат билан аттракционларни тарк этишди ва сайилгоҳда жойлашган фудкорт томон йўл олишди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Ашхобод сайилгоҳида барча хавфсизлик стандартларига жавоб берувчи юқори сифатли аттракционлар ўрнатилган. Сайилгоҳ ҳодимлари ва аттракцион назоратчилари эса фавқулодда вазиятларда ўзини тутиш ва ёрдам кўрсатиш қоидалари билан яқиндан таниш.

Азиз меҳмонлар, Ашхобод сайилгоҳи маъмурияти сизга фақатгина яхши кайфият, шодлик ва қувонч улашишга ҳаракат қилади. Бизнинг сайилгоҳимизда Сиз ҳар қандай ноқулайликлардан холи муҳитда дам олишингиз учун барча хавфсизлик чора-тадбирлари кўрилган. Ашхобод сайилгоҳи ходимлари келгусида ҳам бизнинг сайилгоҳимизда дам олишдан роҳатланишингиз учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қилади», дейилади изоҳда.  

Top