10:00 / 09.06.2019
49085

«Хато қилишдан қўрққан одам ҳеч қачон тил ўргана олмайди». 15та хорижий олийгоҳ талабаси бўлган ўқувчи билан суҳбат

Шаҳзода Ҳамидова ҳали 18 ёшдалигига қарамай, тенгқурлари ҳавас қилса арзийдиган муваффақиятларга эришган. У турли хорижий давлатлардаги 28та олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, аллақачон уларнинг 15тасида талаба бўлишга эришди. Энг қизиғи, бу ҳали ҳаммаси эмас.

«Интернетдаги Common Application платформаси орқали 28та университетга ҳужжат юборганман. Олийгоҳлар электрон почта орқали қайта алоқага чиқишди. Математика бўйича SAT ва тил даражасини кўрсатувчи IELTS бўйича натижалар сўралади. Мотивацион хат, ўқитувчи ва раҳбарларингиздан тавсиянома, ўрта таълимдаги баҳоларингиз ҳақида ҳам маълумот юборишингиз керак бўлади. Шу кўрсаткичлар асосида сизни талабаликка қабул қилишади», — дейди Шаҳзода.

Шаҳзода Ҳамидова ҳозирда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти қошидаги International House Tashkent академик лицейининг 3-босқич ўқувчиси. У ҳуқуқ соҳасида таҳсил олмоқда, кейинги таълим жараёнини ҳам айнан халқаро юриспруденция билан боғлайди.

«Ҳали қайси университетни танлаш бўйича бир қарорга келганим йўқ. Лекин АҚШнинг Массачусетс штати Бостон шаҳридаги олийгоҳлардан бирини танлашни истардим. Бостон чин маънодаги таълим ва талабалар шаҳарчаси», — дейди бўлажак ҳуқуқшунос.

Шаҳзода фақатгина хориждаги бакалавр таълими билан чекланиб қолмоқчи эмас.

«Бакалавр таълимини битиргач, магистратурани Ҳарвард университетининг юридик мактабида давом эттиришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман», —  дейди у ўз режалари ҳақида гапирар экан.

Шаҳзода учун олий ўқув юртига кириш шунчаки талаба бўлишни англатмайди.

«Бу энг аввало яқин инсонларнинг ишончини оқлашдир. Онамнинг, оила аъзоларимнинг ишончини оқлаш, лицейдаги устозларим яратиб берган шароитга муносиб бўлиш истаги мени изланишга ундарди. Талаба бўлишни истаган одам аввалданоқ университетлар ҳақида маълумотларни йиғиб бориши керак. Энг муҳими, мақсад фақатгина хорижга бориб, у ерда қолиб кетиш ҳаваси эмас, балки ниманидир ўрганиб қайтиб, юртга жуда кичкина бўлса ҳам нимадир бера олиш бўлиши лозим», — деб ҳисоблайди у.

IELTS тизимида 7.0 натижа кўрсатган Шаҳзода инглиз тилини ўрганишдаги ўз «лайфҳак»лари билан ҳам бўлишди. Унинг фикрича, ҳар қандай тилни ўрганишда шу тилга меҳр қўйиш, уни ўрганиш осонлигига ўзини ишонтириш муҳим.

«Мен инглиз тилида жуда кўп видео кўраман. Шунда қулоқ бегона тилга мослашиб, ўрганиб боради. Энг муҳими, инглиз тилида гапиришдан қўрқмаслик керак. Қўрққан одам тилни ўргана олмайди. Хато бўлсин, тўғри бўлсин, гапиравериш керак. Ҳеч бўлмаганда, ўз ўзига кундалик воқеаларни гапириб бериш ҳам мумкин», — дейди Шаҳзода.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди

Мавзу
“Оптимист” рукни
Kun.uz тенгдошларидан ғайрат-шижоати ва креативлиги билан ажралиб турадиган ёшлар ҳақида туркум кўрсатувлар бериб бормоқда.
Барчаси
Top