20:14 / 10.06.2019
15891

Трамп агар Си Цзиньпин G20 саммитига келмаса Хитойга нисбатан янги божлар киритишини айтди

Фото: AP Photo /Jacquelyn Martin

АҚШ президенти Дональд Трамп CNBC телеканалига берган интервьюсида агар ХХР раиси Си Цзиньпин "йигирматалик" давлатлари раҳбарлари учрашувига келмаса, Хитой маҳсулотларига нисбатан янги божлар жорий этилишини айтди.

Телеканалнинг агарда ана шундай ҳолат юз берса божлар киритилиши мумкинлиги ҳақидаги саволига Трамп: "Ҳа, киритилади" деб жавоб берди. 

Аввалроқ Хитой ва АҚШ бир неча ой давомида савдо баҳсларини тартибга солиш бўйича музокаралар олиб борганди. Бу музокараларнинг охирги 10-раунди 9-10 май кунлари Вашингтонда бўлиб ўтган, бироқ шундан кейин улар боши берк кўчага кириб қолди. АҚШ 200 миллиард долларлик Хитой маҳсулотларига бож тўловини 10%дан 25%гача оширди.

ХХР божхона бошқармаси маълумотига кўра, Хитой ва АҚШ ўртасидаги товар алмашиш ҳажми 2019 йилнинг беш ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,58 фоизга қисқарди.  

"Катта йигирматалик" саммити 29 июнь куни Осакада бўлиб ўтади. 

Top