23:08 / 14.06.2019
9416

Ҳиндистон Помпео ташрифи арафасида АҚШ маҳсулотларига бож тўловлари киритмоқчи

Ҳиндистон ҳукумати АҚШдан импорт қилинувчи баъзи товарларга импорт божлари киритади. Ушбу қарор 16 июнда, АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг Нью-Деҳлига ташрифига саноқли кунлар қолганда кучга киради. Ушбу чора АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ҳиндистонни савдо имтиёзларидан маҳрум этиш қарорига жавоб бўлиши мумкин, деб ёзган Wall Street Journal нашри. Бироқ ҳинд амалдорлари буни рад этмоқдалар. “Бу жавоб чора эмас. Биз бир йил кутдик ва шунчаки буни ҳозир қилишга қарор қилдик”, деб айтган шундай амалдорлардан бири.

АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо алоқалари бир йил аввал, Трамп маъмурияти 2018 йил июнда ҳинд пўлати ва алюминийсига импорт божлари киритгандан кейин ёмонлашган. Бунга жавобан Ҳиндистон АҚШнинг бир қатор товарларига, жумладан грек ёнғоғи, олма, бодом ва дуккакли ўсимликларига 120 фоизгача бож киритилишини эълон қилган, бироқ АҚШ ўз фикридан қайтиши умидида ушбу бож тўловларини киритишни кейинга қолдирган.

Бироқ Вашингтон июнда ўз савдо имтиёзлари дастуридан Ҳиндистоннинг чиқишини эълон қилди. Ушбу дастур баъзи ривожланган давлатларга муайян товарларни божсиз сотиш ҳисобига ёрдам берган.  Бу дастур остига АҚШга экспорт қилинувчи ҳинд товарларининг 11 фоизи тушган, бу эса 6,3 млрд долларга тенг. Эндиликда ҳинд товарлари, жумладан химикатлар, автомобил бутловчи қисмлари ва идиш-товоққа 7 фоизгача бож солинади. Шу тариқа Трамп маъмурияти Ҳиндистонни ўз бозорини АҚШ компаниялари учун очиқроқ қилишга мажбурламоқчи.

Top