22:51 / 15.06.2019
15974

Сенат раиси коррупция бу иллатнинг олдини олиш керак бўлган идораларда ҳам учраб турганидан хавотир билдирди

Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматулла Йўлдошев коррупцияга қарши курашувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва суд ҳокимияти ходимлари орасида ҳам пора олиш-бериш ҳолатлари учраётганидан ташвиш билдирди. Йўлдошев, Сенатда бўлиб ўтган коррупцияга қарши кураш идоралараро комиссиянинг кенгайтирилган мажлисида шу ҳақда сўз юритди. 

У мажлисда иштирок этаётган давлат мулозимлари эътиборини улар бошқараётган тизим ҳамон коррупциядан халос бўла олмаганига қаратди. 

Фото: Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати

«Бугунги мажлисда иштирок этаётган раҳбарларнинг диққатини улар бошқараётган тизим ҳамон коррупция иллатидан халос бўлмаганига қаратмоқчиман. Хусусан, мамлакатда давлат хизматчилари учун яратилаётган шарт-шароитларга қарамасдан, биргина 2018 йилда мана шундай оғир жиноятни содир этган 2 минг нафарга яқин мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилганини қандай тушуниш мумкин?!», - дея савол йиғилганларга юзланди Сенат раиси. 

У, шунингдек, Бош прокуратурадан олинган маълумотлар билан ҳам ўртоқлашди. Унга кўра, ўтган йили 116 нафар банк раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бош ҳисобчиларига нисбатан 68та жиноят иши қўзғатилганини банклар раҳбарияти қандай изоҳлайди?!

Халқ таълими вазирлиги тизимида қарийб 150 ходимга нисбатан 103та жиноят иши қўзғатилган бўлса, шундан 24таси порахўрлик билан боғлиқ жиноятдир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги 93 шахсга нисбатан қарийб 70та жиноят ишининг қўзғатилгани соҳада олиб борилаётган давлат сиёсатининг тўлиқ рўёбга чиқарилишига қўйилган тўсиқдир. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 11 нафар масъул мансабдор шахсига нисбатан ўтган йилда жиноят иши қўзғатилган. 

«Энг хавотирли жиҳат шундаки, коррупцияга қарши курашнинг олдинги сафларида турувчи, бунга бевосита масъул бўлган идораларнинг ўзида ҳам коррупцияга тўлиқ барҳам беришга эришилмаяпти. Хусусан, 2018 йилда 39 нафар ички ишлар тизими ходими, 10 нафардан зиёд прокуратура ходими, 2 нафар давлат божхона тизими ходими, 1 нафардан судья ва адвокатга нисбатан порахўрлик жинояти учун иш қўзғатилганини ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди. Энг ачинарлиси, бундай мисолларни деярли барча давлат органлари фаолиятида учратиш мумкин», - деди Ниғматулла Йўлдошев.

Top