15:30 / 16.06.2019
6082

АҚШ университетлари билан қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлик ривожланмоқда

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти олимлари томонидан жорий йилда Жаҳон банкининг 2 йилга мўлжалланган «Хорижий университетлардаги инновацион ечимларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида муҳандис кадрларни тайёрлаш дастурларини такомиллаштириш» мавзусидаги гранти қўлга киритилган эди.

Мазкур грант доирасида АҚШ университетлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма дастурлар асосида кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқот ишларини олиб бориш мақсадида, институтнинг бир гуруҳ олимлари АҚШнинг Миссисипи штати университети, Оклаҳома штати университети, Калифорния штати Дэвис университети, Мичиган штати университети ва Жоржия технология университетига ташриф буюрди.

2019-2020 ўқув йилида Қўшма Штатларнинг бир нечта университети билан икки томонлама диплом бериш магистратура мутахассисликлари, илмий тадқиқот ва тажриба-синов ишларини олиб бориш ҳамда талабалар алмашинуви бўйича келишув битимлари имзоланди.

Жумладан, Миссисипи штати университети билан Аниқ координатали қишлоқ хўжалиги (Precision Agriculturе) ва Қишлоқ хўжалиги бизнеси (Agricultural Business) қўшма магистратура бўйича ҳамкорликда ўқув меъёрий ҳужжатлари ҳамкорликда тайёрланди ва факультет кенгаши томонидан маъқулланди.

Қишлоқ хўжалиги ва биологик муҳандислар факультети декани Др. Жорж Ҳоппер ва факультет кенгаши аъзолари билан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Миссисипи штати университети ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.  

Миссисипи штати университетининг илмий тадқиқотлар бўйича проректори Др. Рубен Мур билан бўлиб ўтган учрашувда олимларнинг илмий тадқиқот ва тажриба-синов ишларини ҳамкорликда олиб бориш бўйича муҳокама қилинди.  

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг ўқув ишлари проректори Баҳодир Мирзаев ва Миссисипи штати университети президенти Жуди Боннер томонларнинг узоқ йилларга мўлжалланган кенг қамровли истиқболли ҳамкорлик ишлари бўйича келишув битимини имзолашди.

 Келишув битими қўшма дастур асосида тайёрланадиган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти магистрантлари АҚШнинг Миссисипи штати фуқаролари каби Миссисипи штати университетининг барча имтиёзларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятига эга бўлишди.

Оклаҳома штати университети билан Халқаро қишлоқ хўжалиги (International Agriculture), Ақлли қишлоқ хўжалиги (Smart Agriculture) қўшма магистратура бўйича ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш ҳамда Оклаҳома штати университети талабалари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти базасида амалиётини ўтказишга келишилди.

Калифорния штати Дэвис университети билан ҳамкорликда Сув ресурсларини бошқариш (Water Resource Management) қўшма магистратура ва PhD докторантура бўйича илмий педагог кадрларни тайёрлаш келишувига эришилди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб АҚШнинг Мичиган штати университети билан «Сув сифатини бошқариш» ҳамда «Smart датчиклар ва технологиялар» икки томонланма диплом бериш магистратура мутахассислиги таълим қўшма дастури буйича ҳамкорликда кадрларни тайёрлаш йўлга қуйилган эди.

 

Top