19:42 / 22.06.2019
18096

Козим Тўлаганов иморатнинг зилзилага бардошлилик синовини бино ичида кузатганини билдирди

Қурилиш вазири ўринбосари Козим Тўлаганов янги қурилган уйларнинг 9 баллик зилзилага бардошлилик синовида шахсан иштирок этган. У Миллий матбуот марказида ОАВ вакиллари билан ташкил этилган учрашувда Kun.uz мухбири саволига жавоб берар экан, шуни маълум қилди. Жумладан, Қурилиш вазирлиги мутасаддиларига қуйидаги савол берилди. 

-  Сифатсиз, таъмирталаб қурилган намунали уйлар бўйича кўп туманларда бўлиб, ўрганишлар олиб борганман. Айтмоқчи бўлганим шуки, яқинда Хитойда зилзила рўй берди, уларда тез қурилиши оқибатида 5 баллик ер қимирлашида ҳам уйлар хароб аҳволга келади. Қоғозда қайд этилаверади, бироқ мурожаатлар бўйича борганимизда жиддий вазиятларга дуч келганмиз. Аллоҳ асрасин, аммо бизда ҳам шундай табиий офат рўй бергудек бўлса, қурилаётган уйлар қанчалик чидамли? Бунақа ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилиняпти? 

Бу саволга «Қишлоққурилишинвест» жавоб берган Тошкент вилояти филиали бош мутахассиси Жуманиёз Жуманиёзовга кўра, бу каби ҳолатлар бўйича мурожаатлар ўрнатилган тартибда текширилади, экспертиза хулосалари олиниб, тегишли чоралар кўрилади. Бу саволга «Қишлоққурилишинвест»нинг республика бошқармаси бўлим бошлиғи Ойбек Камолов аниқроқ жавоб беришга уринди.  

Унинг айтишича, аввал комиссия тузилиб, ҳолатни ўрганиш натижасида пойдеворни кучайтириш ишлари орқали уйни мустаҳкамлаш чоралари кўрилади ёки қайтадан бузиб, қуриб бериш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бунда харажатлар пудратчи зиммасига юклатилади ва бу маблағларни ундириш мақсадида прокуратура ва суд идораларига мурожаатлар қилинган ҳолатлар мавжуд.

«Баъзи бир ҳолатларда, у-бу жойда шундай ҳолатлар рўй бергани бор. Яқинда Тошкент вилоятида худди шунга ўхшаган мисолни келтиришди. Бориб ўргансак, уйнинг олдига қазилган қудуқ, ҳеч ким яшамаганлиги туфайли, ёрилиб кетган. Сув иморат тагига оққан ва уй иккига ёрилиб кетган. Комиссия туздик, бориб ўргансак, сабаби шунақа. Харидор уйни тузатиб берасизлар, деб турибди. Ўзи қурилишда бундай бўлиши мумкин эмас. Давлат архитектура-қурилиш бошқармаси ходимларининг асосий эътибори конструкциясига қаратилади. Шунинг учун камчилик аниқланса, ўшани тузатмагунча, бошқа ишлари тўхтатиб қўйилади», - деди Қурилиш вазири ўринбосари. 

Козим Тўлаганов, уйларнинг зилзилаларга бардошлилиги хусусида ҳам ўз фикрларини билдирди. 

«Мана зилзилага бардошлик хусусида гапирдингиз. Тошкентда, республикада қўйиладиган янги конструкциялар барчаси текшириб кўрилади. Яқинда, чинни завод олдида қурилган янги уйнинг биринчиси битгач, ўшани 9 баллга силкитдик. Мен шунинг ичида турдим. Биринчи ва иккинчи уй ораси 15 см.га бориб келяпти. Ваҳима. Лекин буни қилишимиз шарт. Чунки, эртага, 9 баллик ер қимирлагудек бўлса, кўнглимиз хотиржам бўлиши керак. Шунинг учун, қимирламасин-ку, агар қимирлаган тақдирда ҳам 9 баллик зилзилага дош бериши шарт. 

Энди, пудрат ташкилотларининг қувватсизлиги, улардаги камчилик, «Қишлоққурилишинвест»нинг уйларини қураётган уйларда кўп кузатилади. Шунинг оқибатида сиз айтгандек ҳолатлар у ер – бу ерда учраб турибди. Қанча чора кўрмайлик, қаердадир шунга ўхшаш нимадир чиқиб келяпти», - деди Козим Тўлаганов. 

Top