17:00 / 23.06.2019
13784

Истанбул мэрлиги учун такрорий сайловлар бўлиб ўтмоқда. Эрдўғаннинг сиёсий келажаги натижаларга боғлиқ

Фото: Erdem Şahin/EPA

Март ойидаги сайловлар натижалари бекор қилингани туфайли якшанба куни Истанбулдаги сайловчилар шаҳар мэрини қайтадан сайлаш учун яна сайлов участкаларига қайтишди.

Ўшанда мухолифатчи партия номзоди Акром Имомўғли рақибидан 13 минг овоз кўп жамғариб ғолиб бўлганди.

Кейинроқ Туркия олий сайлов кенгаши амалдаги Эрдўған партияси талаби билан айрим сайлов участкаларида сайлов комиссиялари аъзолари давлат хизматчилари бўлмагани ва сайлаш ҳуқуқига эга бўлмаган кишиларнинг овозлари қўшилганини сабаб қилиб кўрсатиб, сайлов натижалари ҳамда мухолифатдан сайланган Икром  Имомўғли мандатини бекор қилган, 23 июнь куни қайта сайлов ўтказилиши белгиланганди.

Ўшанда мухолифатчилар сайлов натижалари бекор қилинишини президент партиясининг сиёсий коррупцияси сифатида баҳолаганди.

Акром Имомўғли «демократия ғалабаси учун бор кучини бериши»ни ваъда қилган, сайлов арафасида ўтказилган сўровномалар натижалари ҳам у яна бир бор собиқ бош вазир Биноли Йилдирим устида ғалабага эришишини кўрсатган.

Такрорий овоз бериш натижалари мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг сиёсий келажагига жиддий таъсир кўрсатиши айтилмоқда.

1994 йилдан 1998 йилгача Истанбул мэри бўлган Эрдўғаннинг ўзи шундай деган: «Агар Истанбулда ғолиб чиқсанг, Туркияда ғолиб чиққан бўласан».

Сайловда кимлар ўз номзодини илгари сурган?

49 ёшли Акром Имомўғли Республика халқ партияси номидан қатнашмоқда, у Истанбулдаги Бейликдузу тумани мэри ҳисобланади.

Биноли Йилдирим
Фото: GETTY IMAGES

Унинг рақиби Биноли Йилдирим - Адолат ва тараққиёт партияси асосчиларидан бири, у 2016 йилдан 2018 йилгача мамлакат бош вазири бўлган. Унинг бошқаруви даврида Туркия яна президентлик республикасига айланган ва бош вазир лавозими бекор қилинган.

У бош вазирликдан кетгач Транспорт ва алоқа вазирига айланган, шу йилнинг февралида эса ҳукуматнинг янги таркибига кирган.

Икром Имомўғли
Фото: AFP

Икром Имомўғли номи март ойидаги сайловларда номзод бўлгунига қадар кўпчиликка маълум эмасди.

Унинг сайловолди кампанияси вақтидаги оптимистик шиори - «Барчаси яхши бўлади» - Истанбулдаги кўплаб сайловчилар тилига тушган - улар иқтисодий пасайишда амалдаги ҳукуматни айблашмоқда. 

Сайлов натижалари нима учун бекор қилинганди?

Март ойидаги сайловдан кейин Биноли Йилдирим мағлубиятини тан олишни истамаганди. Адолат ва тараққиёт партияси сайловлар натижалари бўйича шикоят қилгач, Марказий сайлов комиссияси бир нечта сайлов участкаларидаги овозларни қайта ҳисоблаб чиққан, бироқ бу сайловлар натижаларига сезиларли ўзгартириш киритишга олиб келмаган. Кейин сайлов жараёнида сайлов комиссияларининг ўнлаб аъзолари тегишли гувоҳномаларга эга бўлмаган ҳолда ишлагани маълум бўлган.

Кейин эса сайловни 23 июнь куни қайтадан ўтказиш бўйича қарор қабул қилинган. Мухолифатдагиларнинг фикрича, бу қарор ортида президент Эрдўған турган.

Нима учун бу сайловлар бунчалик муҳим?

Ражаб Тоййиб Эрдўған ўз она шаҳри Истанбулда 1994 йилда мэр этиб сайланганди. Унинг сиёсий карьераси ўшанда бошланган. 2001 йилда у Адолат ва тараққиёт партиясига асос солган, 2003 йилдан 2014 йилга қадар Туркия бош вазири бўлган.

Аммо бугунги кунга келиб партия ичида келишмовчиликлар юзага келган ва Истанбулдаги сайловда партия номзоди мағлубиятга учраса, бу муаммо янада чуқурлашиши мумкин.

«Агар Имомўғли яна ғалаба қозонса, бу мамлакат сиёсий ҳаётида жиддий ўзгаришларга олиб келади», дея ҳисоблайди Рейтер агентлиги билан суҳбатлашган туркиялик журналист Мурат Йеткин.

«Бундай натижадан кейин Эрдўғаннинг партияси ва унинг ўзи ҳам инқироз бошланганини тушуниб етади. Президент бу сайловни ҳаёт-мамот масаласи деб атаган», дейди журналист.

Унинг фикрича, Имомўғлининг янги ғалабаси ҳукуматни муддатидан аввалги парламент сайловлари ўтказишга мажбур қилади (парламент учун кейинги сайловлар аслида 2023 йилда ўтказилиши керак), бунинг натижасида ҳукумат таркибида ва ҳатто ташқи сиёсатда ҳам ўзгаришлар рўй бериши мумкин. 

Top