21:48 / 29.06.2019
24515

Алмазбек Атамбоев хатолари учун жавоб беришга тайёрлигини, фақат аниқ айбловлар бўлиши кераклигини айтди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев Қўй-Тош қишлоғидаги тарафдорлари олдига чиқди ва журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, у хатолари учун жавоб беришга тайёр.  

«Аммо менга аниқ айблов қўйинглар, мен нима қилдим? Масалан, матбуот. Ҳа, матбуотга қарши даъво киритганман, аммо менга туҳмат қилишларига қарши эдим. Мана, Дача Суудаги самолёт ҳақида (гап 2017 йилда Дача Суудаги уйлар устига қулаб тушган самолётдаги юклар ҳақида бормоқда) олтинли бриллиантлар менда бўлганлигини айтишганди, энди эса Текебаев олтинли чойнаклар бўлганлигини айтмоқда. Туҳмат қилмаслик керак. Бирорта ҳам журналист менга бир тийин тўламаган. Бошқаларга тўлаган. Аммо бу туҳматга таъсир кўрсатмади. Норин Айип ҳалигача туҳмат қилиб келади. Мен хатоларим учун доим жавоб бераман, чунки ҳалол инсонман», — деди Алмазбек Атамбоев.

У мамлакатдан ҳеч қаерга чиқиб кетмоқчи эмаслигини қўшиб қўйди.

Журналистлар собиқ президентдан қайси сиёсатчилар уни қўллаб-қувватлаётганини сўрашди. У агарда исмларини айтадиган бўлса, уларни қамаб қўйишлари мумкинлигини айтиб, бу саволга жавоб беришни истамади.

«Омурбек Токтогулович Бабанов менга қўнғироқ қилмади. Кўпчилик қўнғироқ қиляпти, қўллаб-қувватлаяпти. Аммо ҳукумат уларни қамоқ билан қўрқитиб қўйган. Одамларимиз, элитамиз бунга тайёр эмаслиги кўриниб қолди. Оддий одамлардан фарқли равишда уларда қўрқув бор. Одамларни ўлдирган Бакиевлардан фарқли ўлароқ, ҳозирги ҳукумат ўзларига ёқмаган кишиларни қамоққа тиқмоқда. Ўзларига ёққанларни эса супер коррупционер бўлса ҳам кўтаришмоқда. Аммо бизнинг мамлакатимизда бу узоқ давом этиши мумкин эмас», — деди Алмазбек Атамбоев.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон парламенти Алмазбек Атамбоевни дахлсизликдан маҳрум қилди. Собиқ президентга нисбатан бешта айблов илгари сурилмоқда.

Top