17:01 / 01.07.2019
41213

Замонавий «рэкет»нинг суд қароридаги акси: «Берган 150 минг сўминг устига яна 10 миллион сўм тўлайсан!»

Фото: KUN.UZ

Ислоҳотларнинг асосий бўғинида суд тизимини ислоҳ қилиш туриши ҳақида кўп таъкидланди. Аммо ўзбекнинг азалий мақолларига ҳам тан бермай илож йўқ – «қози турткиласа, додингни кимга айтасан?». Бугунги мавзумизга асос бўлган мурожаатдаги суд қарори ҳам ҳар жиҳатдан ўрганишга, ҳайратланишга ва ислоҳотларга «ўрнак» қилишга арзийди.

Келинг, бир бошидан бошлаймиз.

2016 йил оддий кунларининг бирида, йўғ-е, ҳамма бир-бирига яхшилик истаган 21 март — «Наврўз» байрами кунида бувайдалик Ҳусниддин Мелибоев ўзи бошқариб кетаётган «Дамас» автомобилида шу туманда яшовчи Сарвар Раҳмоновга тегишли «Матиз» автомобилини туртиб юборади. Энди бундан ҳеч ким суғурталанмаган, айланган ғилдирак борки бир жойга урилиши мумкин. Хайриятки, ЙТҲ натижасида ҳеч ким жароҳат олмайди, вафот этмайди.

Ҳусниддин Мелибоев

Барибир ЙТҲ ўз номи билан ЙТҲ, ўз-ўзидан содир бўлмайди, эҳтиётсизлик оқибатида бўлса-да, кимдир бунда айбдор, албатта. «Дамас» ҳайдовчиси Ҳ.Мелибоев барча айбни тўлиқ зиммасига олади ва С.Раҳмоновга тегишли «Матиз»ни таъмирлаб берадиган бўлади. Ўзи устачилик қилиб пул топиб юрадиган ёш йигит лафзида туради ва машинани таъмирлатиб ҳам беради.

Бироқ орадан ўн кун ўтиб, 2016 йилнинг 31 март кунида С.Раҳмонов автомобилсиз юрган кунлари эвазига 150 минг сўм талаб қилади. Бунисига ҳам кўнайлик, товон тўлатиб олишни тушуниш мумкин, пиёда юриш кимга ҳам ёқарди? Шунда Ҳусниддин ҳозир пули йўқлигини, лекин муддат берилса, албатта бу пулни ҳам беришини билдиради. Буни ҳужжатлаштириш заруратини яхши билган жабрланувчининг ўзи тилхат битиб, айбдорнинг 150 минг қарз бўлганини қоғозга муҳрлайди. Аммо тилхатга кейинчалик жуда «иш берадиган» бир бандни ҳам тиркаб қўяди: «...агар қарзни икки ой ичида узмасам, авария бўлгандан кейин (яъни 2016 йилнинг 21 мартидан бошлаб) чўзилган ҳар бир кун учун 100.000 (юз минг) сўмдан (!) тўлашга тайёрман. Бу пулни бермасам жазо қўллашингизга розиман», деган ёзув тагига имзо чектиради.

Тарихда из қолдирган ва китоблар қаҳрамонига айланган Қори Ишкамбалар ҳам, банк фоизларининг пиру-комили бўлиб кетган Ротшильдлар оиласи вакиллари ҳам бу тахлит тилхатга кўзлари тушсалар дарҳол мазкур тажрибани ўрганишга киришишларига шубҳа йўқ.

Ҳусниддин Мелибоев бир ҳафта муддат ичида 150 минг пулни топади ва Сарвар Раҳмоновга қўнғироқ қилади. С.Раҳмонов пулни автомобилни таъмирлаган устага ташлаб кетишни, кейинчалик ундан олишини айтади. Ҳ.Мелибоев пулни ташлаб кетади, ўзига тегишли, гаров сифатида қолдирилган ҳужжатларни олади, бироқ 150.000 сўм бериши кераклиги ҳақидаги тилхатни қайтариб олмайди.

Энг қизиғи шундан кейин бошланади. Орадан уч йилдан кўпроқ (!) вақт ўтиб, 2019 йилда Ҳ.Мелибоевнинг уйига МИБ вакиллари келишади ва 2016 йилда чиққан қарор асосида 150.000 сўм асосий қарз, 10.000.000 сўм қарзнинг фоизи (!), жами 10.150.000 сўм, яна давлат фойдасига 2.030.000 сўм давлат божи ундириш зарурлигини билдиришади.

Юзага келган вазиятдан шокка тушган Ҳ.Мелибоев табиийки С.Раҳмоновнинг ёнига қараб чопади. Аммо уларнинг муросалари келишмайди. Талаб ягона – буёғини МИБ билан гаплашаверасан. Яъни мухтасар қилиб айтганда — пулни тўла!

Ҳусниддин пулни ўз қўллари билан берган устанинг олдига боради. Уста ҳам пулни олганини ва С.Раҳмоновга берганини айтади. Қизиғи, иккиси биргаликда шу ернинг ўзида қўнғироқ қилишганида жабрланувчининг ўзи ҳам машина вақтида таъмирлаб берилганини, тилхатда кўрсатилган 150 минг сўм пулни ўз вақтида олганини тан олади. Лекин С.Раҳмонов аллақандай мантиққа суяниб ўзининг сўзларига ўзи қарши чиқади ва бир гапни такрорлайверади: «мошинам таъмирланган, 150 мингниям олганман, лекин мен билмайман, отам билади, МИБ билади. Бор даъвойинг бўлса уларга айт...» (аудиони тингланг). Унинг сўзларини эшитаркансиз, водийчасига айтганда гап билан енгиб юборувчи чапанилар эсга тушиб кетади.

Ҳ.Мелибоевнинг оиласи аъзолари С.Раҳмоновнинг отаси ёнига бош уриб боришади: «ака, келинг, бир жойнинг одамимиз. Уч йил олдин ҳаммасини тинчитган эдик-ку, энди буниси нимаси? Ўзи ўғлимиз жўжабирдай жон бўлса...». Бундай пайтда муроса йўлини ўзи кўрсатиб, можарога чек қўйиши лозим бўлган, ҳозирда маҳалла тизимида фаол ишлаётган, бир вақтлар вилоят судида судьялик қилган ота ҳам шу гапни маъқуллайди: «суд қарор чиқарибдими, тўлайсизлар-да!».

Энди бевосита суд қарори билан танишамиз. 2016 йил 28 июнь куни бу иш судья В.Мадраҳимов раислигида Қўқон туманлараро судида кўриб чиқилади ва битта маҳкаманинг ўзидаёқ шартта нуқта қўйиб юборилади.

Яна бир муҳим жиҳат: жавобгар Мелибоев Ҳусниддин Пўлатжон ўғли Бувайда тумани, Бачқир-гузар қишлоғида яшаса-да (маълумотнома илова қилинади), Қўқон шаҳри, А.Навоий мавзеси 33/25 манзилига чақирув қоғози юборилиб, даъвогарнинг гўёки судга келмаганлиги иш бир тарафлама кўриб чиқилишига асос қилиб олинади.

Янада ҳайратга чўмдиргани — даъво суммаси ҳажмига кўра даъвогар 2.030.000 сўм давлат божи тўлаши лозим бўлса-да, бор-йўғи 7.500 сўм тўлайди ва суд фуқаролик иши қўзғатаверади. 

Суднинг қарорини тўлиқ келтиришга ҳожат йўқ, қуйида илова қиляпмиз. Лекин асосий мазмунини икки жумлада айтиб ўтамиз:

«Даъво аризаси қаноатлантирилсин. Даъвогар С. Раҳмонов фойдасига жавобгар Ҳ.Мелибоевдан 150.000 сўм асосий қарз, 10.000.000 сўм фоизи, жами 10.150.000 сўм ундириш, давлат фойдасига 2.030.000 сўм давлат божи ундирилсин». 150 минг устига 12 миллион сўм! Қойилмисиз? Ҳатто даъвогарнинг ўзи ҳам 10 миллион сўрамаган (ариза мавжуд) бу маҳкамадаги судьянинг ҳимматидан биз қойил қолдик.

Счётчик ёқилди – 150 минг устига 10 миллион сўм: суд қарорида акс этган замонавий «рэкет»!

Суд деганлари одатда ҳар икки томонни эшитиши, бордию бир тараф қайсидир сабаб билан судда иштирок этмаса, сабабини аниқлашга уриниши, кейинги сафар айнан белгиланган манзилга чақирув қоғози боришини таъминлаши шарт. Суд бирданига бўлиб ўтиб кетиши шубҳали, томонлардан бири келмаса, ишни кўриш одатда бошқа кунга қолдирилади. Умуман ҳозирги замонда қоғоз шунчаки ҳужжатга тиркаш учун, ҳамманинг қўлида телефон бор — битта қўнғироқ кифоя! Қолаверса, Бувайда ҳам Қўқондан узоққа қочиб кетгани йўқ, даъвогар ёки вакилларидан бири истаган пайтда жавобгарни топиб келиши мумкин эди.

Хўп, борингки даъвогар ҳам, унинг оила аъзолари ҳам қумга сингигандек йўқолиб кетишган дейлик, суд ўзи умумий миқдори 150 минг сўм қарзга (аслида қарз ҳам эмас, бу ҳақда қуйироқда) қандай қилиб ҳар куни (!) 100 минг сўмдан фоиз ёзилишини кўнгил учун ҳам сўраб қўйиши, умумий 10 миллион сўм қаердан чиққанлигини билдириши ва қарорга бу асосни икки оғизда тиркаб қўйиши керак эмасмиди?

Энг қизиғи, суд ишни даъво предметида ундирилиши сўралаётган 150 минг сўм ва унга ҳисобланган фоизлар зарар етказганлик учун жавобгарликнинг умумий асослари (Фуқаролик кодексининг 985-1004-моддалари)дан келиб чиқиб эмас, аксинча қарз шартномаси (Фуқаролик кодексининг 732-735-моддалари) бўйича малакалаган.

Бир кулгинг келади, бир йиғлагинг... Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Энди бир ўйлаб, холисона фикр юритиб кўринг-чи, ҳикоямиз қаҳрамони Ҳусниддин Мелибоев фуқаро Сарвар Раҳмоновдан қарз олганмиди?...

Иш апелляцияда ҳам кассацияда ҳам кўрилмаган, чунки суд ҳал қилув қарори чиқаргани, унинг устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят киритиш муддатлари ўтиб бораётганлигидан жавобгарнинг хабари йўқ эди-да.

Фақатгина 2019 йилга келиб, Х.Мелибоевнинг эшиги МИБчилар томонидан тақиллатилгандан сўнг бу «сир» фош бўлди.

Кейинчалик бу қарорни бекор қилиш бўйича киритилган ариза 2019 йилнинг 27 март куни айнан ўша олдинги судья Валиёр Мадраҳимовнинг ўзи томонидан кўриб чиқилиб, рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Ҳусниддин Мелибоев ҳам ҳар қанча муросали бўлмасин бу маблағни тўлай олмаслигини билади ва ён атрофга югуради. Яхшики апелляция муддатлари ўтиб бўлган бу ишнинг 3 йиллик назорат муддати ўтмаган экан ва Олий судга киритган шикоятида қуйидаги ҳақли саволларни қўяди:

1. Даъвогар Раҳмонов Сарвар давлат божи сифатида ўша вақтдаги ставка бўйича 20 фоиз — 2.030.000 сўм тўлаши лозим бўлиб, бор-йўғи 7.500 сўм тўлаган бўлса-да, суд қай тарзда бу камчиликка кўз юмиб даъво аризани ноқонуний равишда қабул қилиб, фуқаролик иши қўзғатган?

2. Суд ишни кўришни 2016 йил 24 июнь кунига тайинлаб ажрим чиқарган бўлиб, кейинчалик бўяб, 28 июнга ўзгартириб қўйилган (ҳужжат илова қилинмоқда). Бунинг сабаби нимада?

3. Жавобгар Мелибоев Ҳусниддин Пўлатжон ўғли Бувайда тумани, Бачқир-гузар қишлоғида яшаса-да, нега Қўқон шаҳри, А.Навоий мавзеси 33/25 манзилига чақирув қоғози юборилиб, судга келмаслиги таъминланган?

4. Суд тайинлаган 2016 йил 24 йўқ, 28 (?) июнь куни жавобгар Мелибоев Ҳусниддин судга келмагач (қандай келсин, Қўқонга юборилган чақирув қоғозини Бувайдага етказиб беришмагандир), жавобгарни судга келишини таъминлаш мақсадида бошқа кунга қолдириш ўрнига, ноқонуний равишда ишни сиртдан кўришга қарор қилганига нима туртки бўлган?

5. Ишни жавобгар Мелибоев Ҳусниддиннинг иштирокисиз кўриб, 150.000 сўм қарз 3 ой ўтказиб юборилгани важи билан ундан 10.150.000 сўм ва 2.030.000 сўм давлат божи ундириш ҳақида фантастик қарор чиқарган. Ваҳоланки, бу сумма қарз эмас, балки ЙТҲ оқибатида етказилган зарар ҳисобланади. Суд бу қадар «осмонўпар» фоизларни асослаб бера оладими, 150 минг сўм учун кунига 100 минг сўмдан устама ундириш мафия гуллаган тўқсонинчи йилларни эслатиб юбормаяптими?

6. Энг муҳими, суд нега асосий қарз дея малакаланган ўша 150 минг сўм ҳам вақтида узилганини ҳисобга олмаяпти?

Майли, қарор чиқарилибди ҳам. Лекин жавобгар нега орадан 3 йил ўтиб, МИБ ходимлари эшик қоққанларидан кейингина бундан хабар топган? Шунча вақт ўтиб маълум қилинишида ўзига хос сабаблар бўлса керак. Олдин бу ишлар билан шуғулланиши лозим бўлган суд ижрочилари «замонавий судхўрлик» балқиб турган бу ишга бош қўшишни ўзларига эп кўрмагандирлар. Аммо бу орада МИБ ташкил қилинди, ҳар бир иш қатъий назоратга олинди ва бу иш ҳам қалқиб чиқди.

«Хатга тушдинг, ўтга тушдинг» дейдилар. МИБ ходимлари бу оилага тегишли автомашинага банд қўйишади, қарзни мол-мулкка қаратиб юборишади. Шунда Ҳусниддиннинг отаси Пўлатжон ака яна муроса илинжида эшик қоқиб боради, камига ўртага бир-иккита обрўли инсонлар тушишади. «Майли, ўғлимиз айбдор бўлса сал енгиллатиб беринг, балки бўлиб-бўлиб тўлармиз, ахир бунча қарз ақлга сиғмайди-ку». Униб турган тайёр пул кимга ёқмайди, жавоб ўша-ўша – «МИБ билан гаплашавер, менинг ишим йўқ!».

Мақола холис бўлиши учун ҳар икки томоннинг фикри, далиллари муҳим. Шу тамойил асосида даъвогар Сарвар Раҳмоновга қўнғироқ қилдик. Аммо у ўзимизни таништириб, мавзуни айтишимиз биланоқ бу масалада гаплашишдан бош тортди (аудио мавжуд). Шунча суҳбатга тортишга уринишимизга қарамай гапни қисқа қилди ва шундай деди – «мен сиз билан гаплашмайман, қарзи борми, тўласин, гап тамом!».

Хуллас, одамлари андишали, мураккаб вазиятларда босиқ бўлган Қўқону-Бувайдада ана шундай можаро. Иш ҳудуддан кўчиб чиқиб Олий судда кўрилиш арафасида. Кўрамиз, бу сафар қандай тус оларкин? Хулоса эса ўзингиздан.

Сўнгги маълумотларга қараганда фуқаролик ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан мазкур иш қайта кўрилиши бўйича ажрим чиқарилган. Аммо бу ажрим Ҳусниддин Мелибоевнинг бандда турган автомашинасини олиб чиқиб фойдаланиш ҳуқуқини бермаган. Энг қизиғи, янги суд жараёнида етказилган 150 минг зарар (қарз эмас!) учун олдинги қарор каби 2-3 ойга 10 млн сўм эмас, балки ўтган 3 йилга юқоридаги тартибда фоиз ҳисоблаш масаласи кўрилиши режалаштирилган! Аммо бу маълумотлар ҳали тасдиғини топгани йўқ. Демак қизиқиш билан кузатишда давом этамиз.

Аброр ЗОҲИДОВ.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top