15:50 / 06.07.2019
26029

Рустам Ражабов: Енгил машиналар сифатсиз бўлса, GM ўз серверига уланишни ёпиб қўйган бўлар эди

Фото: KUN.UZ

Uzauto Motors ишлаб чиқараётган автомобиллар сифатсиз бўлганида GM раҳбарияти бу заводни ўз дастурлари билан таъминлашни тўхтатган бўлар эди. Uzauto Motors бош директори в.б. Рустам Ражабов «Ўзавтосаноат» АЖ таркибига кирувчи корхоналарга уюштирилган пресс-саёҳат доирасида шундай баёнот берди. Унинг айтишича, янги автомобиллар сифати GM стандартига мос келмаганида компания ўз дастурларини тақдим этишни тўхтатган ва завод ҳам ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган бўларди. 

«Заводда мана жуда кўп ахборот ва инновацион технологиялардан фойдаланилади. Қанчалик мураккаб тизим ишламоқда. Аксар ишлаб чиқариш жараёни автоматлаштирилган ва уйғунлаштирилган. Бундан ташқари ахборот хавфсизлиги ҳам юқори даражада таъминланади. 

Яна бир гап. Автомобиллар борт компьютерига махсус дастур ўрнатиш жараёни flashing дейилади, ўша керакли дастур GM компаниясининг серверидан келади бизга.  Шу билан бирга, заводнинг автоматлашган жараёни-ю, ишлаб чиқилаётган автомобиллар сифатини назорат қилиш каби бошқа-бошқа амалиётларни бошқариш учун минглаб IT маҳсулотлар бор. 

Шу ўринда, айтиш жоизки, бизнинг GM билан келишувимизга мувофиқ, агар биз ишлаб чиқараётган автомобиллар сифатсиз бўлганида ёки GM стандартига мунтазам жавоб бермаслиги кузатилганида, Америка компанияси серверни узиб қўйган бўлар эди. Ҳозирча, бундай ҳолат қайд этилгани йўқ», - деди Uzauto Motors бош директори в.б. Рустам Ражабов.

Top